Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Теҳронда юз берган терактлар оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан Эрон президенти Ҳасан Руҳонийга ҳамдардлик билдирди. Президент мактуби матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

«Эроннинг парламент биносида ҳамда оятуллоҳ Хумайний мақбарасида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларнинг нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди.

Ўзбекистон ушбу қабиҳ террорчилик хуружларини, улар қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъий назар, кескин қоралайди ҳамда мазкур балога қарши халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.

Ушбу мусибатли дамларда Сиз Жаноби Олийларига ва Сиз орқали бутун Эрон халқига чуқур таъзия изҳор этамиз. Қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик туйғуларимизни етказиб қўйишингизни сўраймиз. Жароҳат олганларни эса тез фурсатларда соғайиб кетишини тилаймиз», дейилган ҳамдардлик мактубида.

7 июнь куни Теҳронда Эрон парламенти биноси ва имом Хомейни мақбарасига ҳужумлар уюштирилди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу терактлар оқибатида 12 киши ҳалок бўлган ва 40га яқин киши жароҳатланган.

Терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.