Электрокарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Tesla компанияси акциядорлар мажлиси доирасида қимматли қоғозлар эгаларига янги ихчам кроссовер тизерини намойиш қилди. Ҳозирча, унинг Model Y деб аталиши маълум. Тизер суратини InsideEVs эълон қилди.

Шу билан бирга, янги электромобилнинг техник тафсилотлари ҳам ошкор қилинмаган. Tesla раҳбари Илон Маскнинг сўзларига кўра, кроссовер Model 3 платформасида барпо этилмайди. Чунки, унинг фикрича, Model S негизида Model X электрокарини ишлаб чиқиш хато бўлган. 

Маск қайд этганидек, Tesla Model Y’нинг серияли намунаси 2019 йилда пайдо бўлади. Унинг тахминича, йўлтанламасга бўлган талаб Model 3 талабидан ортиб кетади.

Tesla Model Y эшиклари тепага очиладиган бўлиши эҳтимол. Бу каби эшиклар Model X’да ҳам қўлланилади. Бундан ташқари, у янги авлод автопилотига эга бўлади. 

Tesla компанияси режаларига, шунингдек, бир нечта янги электрокарларни ишлаб чиқиш киради. Хусусан, компания Roadster моделини тиклашни, юк машинаси ва шаҳар электробусини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.