Кўчалари Европа усулида қайта лойиҳаланишига Тошкент бардош бера оладими?

Ўзбекистон 07 Июнь 2017 48252

Шаҳар дизайни бўйича таниқли маслаҳатчи, архитектор, Даниянинг Gehl Architects фирмаси асосчиси Ян Гейл Тошкентнинг шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Ян Гейлнинг ташрифи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилди ва у архитекторлар учун семинарда Тошкентда асфальт ҳаддан зиёд эканлиги, шаҳарнинг ўзи эса автомобиллар учун ўта қулайлиги, бу эса уларнинг сони ортишига сабаб бўлиши ва орадан 10 йиллар ўтгач, шаҳар туганмас тирбандликлар ва нафас олиб бўлмайдиган ҳавога дучор бўлишини таъкидлаб ўтган.

Гейл ўзининг «Жамоат жойлари. Жамоатчилик ҳаёти» китобида босқичма-босқич тузатишлар 40 йил ичида Копенҳагенни автомобиль шаҳридан пиёдалар шаҳрига қандай айлантирганини ёзади.

Гейл таъкидлаб ўтган нарсаларнинг барчаси тўғри. Бироқ, даниялик архитектор ҳокимларнинг бир неча авлоди томонидан яшил дарахтлардан маҳрум этилган Тошкентга келди. Иккинчидан, қадимда тузилган бош режа аввалига аёвсиз ўзгартирилган, кейин бутунлай четга суриб қўйилган, оқибатда, талабларга жавоб бермайдиган даражада эскирган. Айни пайтда мамлакатнинг янги раҳбарияти томонидан тикланаётган берк кўчалар ҳолатига қараб сўнгги ўн ёки ундан ортиқ йилларда шаҳар муҳити ва уни ривожлантириш борасида мутахассисларнинг сўзларига нечоғлик қулоқ солинганини англаш мумкин. 

Таассуфки, шаҳарни ривожлантириш концепцияси билан шуғулланиши керак бўлган Тошкент бош режа илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти (ТашНИПИГенПлан)га ҳам иш топилмай қолди, чунки мутахассисларнинг фикри мамлакат раҳбариятиникига мос келмай қолса, уни шунчаки рад этиб қўяқолишган. Узоқ вақт молиялаштиришсиз қолган институт тажрибали мутахассисларидан айрилган. Улар хусусий лойиҳаларга ўтиб кетишган ёки мамлакатни тарк этишган. Институт бугунги кунга келиб ўз вазифаларини меъёрида бажариш имкониятига эга эмас. Боз устига, волюнтаристик қарорлар ҳануз ўтмишда қолиб кетганга ўхшамаяпти.

Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш давлат қўмитасининг тақдири ҳам шундай бўлди, бу ташкилот ҳам барча соҳани пухта билувчи мутахассисман, деганларга ёқаман, дея ўз нуфузини йўқотиб қўйди. Ўз фикрини билдириш ёки савол беришга бўлган ҳар қандай уриниш ташкилий масалага сабаб бўларди.

Шаҳарни ривожлантиришнинг бош режасини муҳимлиги ва зарурлигини теран англамоқ керак. Бош режа — бу қаерда ва қандай объектни жойлаштириб қуриш, қаердан қандай йўл ўтказишдангина иборат эмас. Бу барча инженерлик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, инженерлик коммуникациялари, алоқа кабель хўжалиги, сув ва газ манбалари — мухтасар қилиб айтганда, шаҳарнинг нормал фаолият кўрсатишини таъминловчи барча нарсадан иборат.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ер ости коммуникацияларининг электрон харитасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаганди. Бу уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш имкониятини тақдим этиб, ер ишлари олиб бораётган уларга тасодифан зарар етказишнинг олдини оларди.

Бироқ, иш даслабки қадамларни ташлашдан нарига ўтмади. Ёки маблағ топиб беришолмади ёки кўплаб нуқсонлар юзага қалқиб чиқиши мумкинлигидан чўчишди. Масалан, шундай савол пайдо бўлиши мумкин эди: лойиҳаларда назарда тутилган ёғингарчилик канализацияси харитада қани? Бугунги кунга келиб ижтимоий тармоқларда сув босган кўчаларнинг фотолари ундай канализация умуман йўқлигини кўрсатмоқда.

Тошкент ривожланиб, ўсмоқда, бироқ шаҳарни ривожлантиришнинг янги концепциясини ҳеч ким ҳеч қаерда эслатиб ўтгани йўқ. Тошкент ниманинг эвазига ва қандай қилиб ўсади, унинг ўсиши кетидан энергетик, сув, газ ва транспорт инфратузилмаси қандай қилиб етишиб юради, жамоатчилик транспортининг қайси тури энг афзали, дея қабул қилинади: метро, автобуслар, йўналишли таксилар? Айни пайтда мавжуд сув йўллари ва газ магистраллари ҳажми етарлими?

Кутилмаганда транспортчилар ҳалқа темир йўли устида иш олиб боришаётгани маълум бўлди. Бу жуда сермаҳсул ғоя, бироқ метро, автобус йўналишларисиз ҳалқали электричка ўзининг тўлиқ самарадорлигини намойиш этиб бера олмайди.

Ян Гейлда серсоя кўчалар ва пиёдалар зонаси кўп бўлган Самарқанд яхши таассурот қолдирди. Бироқ бу ерда ҳам кўчалар ўрнига йўллар қурилмоқда. Йўлларни торайтириб, унинг ўртасидаги панжарали тўсиқларни олиб ташлаб, автомобиллар тезлигини камайтириб, инсонларга кўчани кесиб ўтишни енгиллаштириб, кўпроқ дарахт экиб, шаҳарни янада қулай қилиш мумкин, дейди даниялик мутахассис. Бироқ, Самарқандда йўлларни қандай қилиб торайтириш — тушунарсиз, бунинг керак-керакмаслиги эса катта масала.

Янг Гейлнинг Тошкентда ҳам, Самарқандда ҳам кўчалар ўрнига йўлларга кўзи тушгани нафақат лойиҳалаштирувчиларнинг, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимиятидагиларнинг ҳам айби саналади. Илгари «қизил чизиқ» тушунчаси бўлар, ундан кейин давлат ери бошланарди. Ундан чиқиб кетиш қатъий жазоланар, «қизил чизиқ»дан ташқарида қурилган объектнинг бузиб ташланиши муқаррар эди.

Илгари Тошкентда сайр қилиш мумкин бўлган ажойиб пиёдалар йўлкаси бўларди. Ўзбекистонни қамраб олган бозор муносабатлари архитекторлар ва маҳаллий ҳокимият органларини ҳам четлаб ўтмади. Энди пиёдалар йўлкасининг бир қисмини эгаллаб олиб, уни шундай «ободонлаштириш» мумкинки, пиёда уйни йўлнинг қатнов қисми орқали айланиб ўтишга мажбур бўлади. Бундай ҳуқуқбузарликка нафақат шахсий уй-жой эгалари томонидан, балким жамоат ва тижорат бинолари қурилишида ҳам йўл қўйилмоқда. Бунга шубҳа қилаётганлар «Бунёдкор» шоҳ кўчаси бўйламасидаги Ц-1 да қурилаётган «Экопарк» яқинидаги Шаҳристон кўчаси бўйлаб юриб кўришлари мумкин. Бу Тошкентнинг хоҳ шаҳар маркази, хоҳ четида бўлсин, Тошкентда жойлашган ҳар бир кўча учун тааллуқли. 

«Тошкентда аҳоли учун мўлжалланган, автомобиллар инсонлар эҳтиёжига хизмат қиладиган шаҳар бўлиш учун барча имкониятлар мавжуд. Бош вазифа — машиналарни эмас, инсонларни бахтли қилиш», — деб ҳисоблайди Ян Гейл.

Унинг фикрига кўра, энг асосийси — ўзгаришларга нисбатан сиёсий ироданинг мавжуд бўлиши. «Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бизни таклиф этгани — ҳокимият инсонлар учун шаҳар қуришга қизиқаётгани ва шундай ниятда эканлигини билдиради», — деган у.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Янг Гейлнинг келишувига кўра, архитекторнинг жамоаси транспорт инфратузилмалари, кўчалар ва йўлкаларни реконструкция қилиш, дарёлар ва каналлар атрофида табиий зоналар, кўкаламзорлар ва паркларни ташкиллаштириш йўналишларида пойтахтнинг бош режасини яхшилаш бўйича тавсиялар тайёрлайди.

Кутилишича, ҳокимнинг таклифига кўра ва SFI Management компаниясининг мадади билан Ян Гейл яна Тошкентга келади ва «инсонлар учун шаҳар» лойиҳасини тақдим этади.

Биз шаҳар аҳолиси ва солиқ тўловчиларга бизнинг ҳисобимиздан мавжуд ҳокимлик бу ғоя неча пулга тушишини айтиб ҳам ўтиргани йўқ. 

Шаҳар ҳокимлиги, аввало, ҳокимликнинг янги биноси қурилиши важи билан олиб қўйилган  «Меҳржон» болалар паркини халққа қайтариб бериши керак. Энди у ерда «Халқ банки» жойлашган. Ҳозир темир панжаралар олиб ташланиб, инсонлар ҳордиқ чиқаришига шароит яратилиши керак.

Ёқимли хиёбонда одамлар мириқиб дам олишлари учун Олий Мажлис атрофидан ҳам темир панжаралар олиб ташланса бўларди.

Шаҳар марказида жамоат ҳаётини тиклаш мақсадга мувофиқ бўлар эди, бироқ у дарахтлар, қулай инфратузилмадан шу қадар маҳрум этилганки, у ерда соя-салқин жойлар пайдо бўлиши ва инсонлар қайтиши учун камида 5-6 йил талаб этилади. Бу фурсатсиз ҳеч қандай архитекторлар ёрдам бера олишмайди.

Ҳоким унутмаслиги лозим бўлган асосий масала — Тошкент Копенҳаген эмаслиги: на об-ҳавоси, на ер майдони жиҳатидан, тошкентликлар эса данияликлар эмас ва ҳеч қачон улардек бўла олишмаса ҳам керак. Биз шаҳар ривожланиши тарихи, менталлик, ҳаёт суръати, молиявий имкониятлар ва бошқа муҳим кўрсаткичлар борасида бири-биримиздан жуда йироқдамиз. Тошкентда ажойиб йўл тармоғи пайдо бўлаётгани бу камчилик эмас, асло, ютуқ саналади.

Даниялик архитекторнинг айтганини қиламан, дея алал-оқибатда «яхши бўлишини хоҳлаган эдик, аммо ҳар доимгидек бўлди», деб қолишни истамаган бўлардим. 
 
Йўлдаш Турсунов,
Anhor.uz учун махсус.

Маълумот ўрнида: Ян Гейл дунё бўйлаб шаҳар дизайни бўйича кўплаб лойиҳаларда иштирок этган. Хусусан, 2007 йилда Нью-Йорк транспорт департаменти шаҳар кўчаларини ўзгартириб, пиёдалар ва велосипедчилар ҳаётини яхшилаш мақсадида уни ёллаган. Гейл Нью-Йорк, Лондон ва Москвада жамоат маконларини гуманизациялаш бўйича тавсиялар ишлаб чиққан инсон ҳисобланади.

Унинг Марказий Осиёдаги ишларидан бири Олма-ота шаҳри қиёфасини тубдан ўзгартириш лойиҳасидир, бунинг учун уни 2015 йилда Олма-ота шаҳри ҳокимлиги чақирган эди.

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 44840 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 15233 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 95031 Ўзбекистон
Венесуэла аҳолиси ейиш мақсадида ҳайвонот боғидан жонзотларни ўғирлагани тахмин қилинмоқда
08:05 11 Жаҳон
Европада Барселонадаги терактлардан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилди
08:01 83 Жаҳон
Барселона яқинида яна бир теракт амалга оширилди
07:08 1190 Жаҳон
Барселонадаги теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди
07:03 1333 Жаҳон
Хитойдаги кимё заводида кучли портлаш юз берди
00:33 2865 Жаҳон
Кекса немис Исландияга эски тракторда саёҳатга жўнади
00:24 1839 Жамият
ОАВ: МРБ Испанияда теракт тайёрланаётганидан огоҳлантирган
23:46 / 17.08.2017 3175 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар