Ўзбекистонлик шахматчилар Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган 8, 10 ва 12 ёшгача болалар ўртасида тезкор шахмат (рапид) ва блиц бўйича биринчи жаҳон чемпионатида учта медални қўлга киритди. Мусобақада 25 мамлакатдан 532 нафар ёш шахматчи иштирок этди. Швейцарча тизим бўйича 5'+2″ назорат вақти билан тўққизта тур ўйналди.

Шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар беришича, 10 ёшгача болалар ўртасида блиц бўйича очиқ беллашувларда Исломбек Синдоров олтин, Абдулбосит Шарифжонов кумуш медални қўлга киритди. Қайд этиш жоизки, ҳар икки шахматчи ҳам 8 очкодан тўплади, бироқ қўшимча кўрсаткичлар бўйича Исломбек Синдоров ўз ватандошидан ўзиб кетди. Учинчи ўринни 7 очко тўплаган россиялик Леонид Лисцов эгаллади.

Рапид бўйича болалар жаҳон чемпионати якунлари бўйича Исломбек Синдоров 10 ёшгача болалар ўртасида кумуш медалга сазовор бўлди.