Куни кеча "Ўзбекконцерт" давлат муассасасида Ўзбекистон санъат ва маданият вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маданият вазири ўринбосари Минхожиддин Ҳожиматов, "Ўзбекконцерт" раҳбари вазифасини бажарувчи Азамат Ҳайдаров ҳамда кўплаб санъат ва маданият арбоблари иштирок этишди.

Йиғилишдан мақсад санъат ва маданият аҳлини  Президентнинг маданият соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган янги қарори билан яқиндан таништириш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашиш, таклифларни эшитиш бўлган. 

Шунингдек йиғилишда баъзи хонандаларнинг шахсга нисбатан, хусусан президент Шавкат Мирзиёевни мадҳ этиб куйлаган қўшиқлари танқид қилиниб, уларнинг ўрнига ватанпарварлик ва юртга бўлган меҳр-муҳаббатни тараннум этувчи қўшиқлар куйланиши тавсия қилинган. 

Ижтимоий тармоқларда баъзи хонандаларнинг президент фаолиятига тааллуқли видеолардан, шунингдек бадиий нормаларга номувофиқ матнлардан фойдаланилган клиплари тарқалди. Бундай хонандаларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилди. 

"Ўзбекконцерт" вакилининг сўзларига кўра, хонандаларга шахсга нисбатан қўшиқ куйлашдан олдин, у ким бўлишидан қатъи назар, ўша инсоннинг розилигини олиш кераклиги тушунтирилган.