Сербиялик теннисчи Новак Жокович Франция Очиқ чемпионати чорак финалида Австрия вакили Доминик Тимга 6:7 (5:7), 3:6, 0:6 ҳисобларида ютқазди ва турнирни тарк этди. Ўтган йилги «Ролан Гаррос» чемпиони эндиликда ATP рейтингида иккинчи ўриндан ҳам тушиб кетди ва у топ-2ни 2011 йилнинг июлидан буён биринчи марта тарк этмоқда.

Агар швейцариялик Стэн Вавринка Франциянинг қумли кортларида давом этаётган турнир финалига қадар етиб борса, Новак тўртинчи ўринга ҳам тушиб кетиши мумкин. Янги рейтингда унинг очколари сони 5805 очко бўлади, бу унинг 2007 йил июнидан буён энг қуйи кўрсаткичидир.

Турнир фаворити, испаниялик Рафаэль Надаль эса чорак финални ватандоши Пабло Каррено-Бустага қарши ўтказиб, 6:2, 2:0 ҳисобларида (рақиб жароҳат туфайли ўйинни якунлай олмади) устун келди. У энди Париждаги турнир ярим финалида 2014 йилдан буён илк марта ўйнайди.

Куннинг иккинчи ярмида ўтказиладиган чорак финалдаги яна икки баҳсда, жаҳоннинг биринчи ракеткаси Энди Маррей япониялик Кеи Нисикорига, Стэн Вавринка эса хорватиялик Марин Чиличга қарши кортга чиқади.

22 май куни бошланган, 11 июнга қадар давом этадиган турнирнинг мукофот жамғармаси 36 миллион еврони ташкил этади. «Катта дубулға» туркумидаги ушбу турнир очиқ грунт кортларда ўтказилмоқда.