Жорий йилги мавсум давомида республика миқёсида жами 1290 та оромгоҳ, шу жумладан,  214 та стационар туридаги, 936 та кундузги, 140 та «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу оромгоҳларда жами 294 минг 351 нафар бола соғломлаштирилади. Уларнинг 154 минг нафардан ортиғи стационар, 140 мингдан зиёди  кундузги оромгоҳларга жалб этилади. Ушбу мақсадлар учун жами  52,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Жорий йилги мавсумда 2017 йилги Манзилли дастурга мувофиқ Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2 та янги оромгоҳ – Сурхондарё вилоятида “Амударё”, Хоразм вилоятида “Автомобилчи”  болалар соғломлаштириш маскани қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилади. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 40 минг нафар бола жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилади. Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 1950 нафар тарбияланувчиси ҳамда 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. 2 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. 

Бундан ташқари, Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги 500 нафар бола Навоий кон-металлургия комбинатининг, Жиззах вилоятидаги 100 нафар бола «Жиззах аккумулятор заводи» АЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилади.