Бугун, 8 июнь куни Буюк Британияда муддатидан аввалги умуммиллий сайловлар ўтказилмоқда.

Маҳаллий вақт билан соат 07:00да (Тошкент вақти билан соат 11:00) бошланадиган овоз бериш 22:00га қадар (Тошкент вақти билан 9 июнь куни соат 02:00) овоз бериш жараёни якунларига кўра 650 нафар депутатдан иборат Жамоа палатасининг янги таркиби аниқланади.

Бирлашган Қироллик ҳудудида 40 мингдан ортиқ сайлов участкалари ташкил қилинган.

Ҳукуматдаги Тереза Мэй бошчилигидаги Консервативлар партиясидан ташқари сайловларда яна асосий уч сиёсий куч иштирок этмоқда: Лейбористлар партияси (етакчиси — Жереми Корбин), Либерал-демократик партия (етакчиси — Тим Фэррон) ва Шотландия миллий партияси (етакчиси — Никола Стержен). Шунингдек, Жамоа палатасидаги 650 ўрин учун Яшиллар, уэльсликларнинг "Плайд Камри" ("Уэльс партияси") ва шимолий ирландияликларнинг 4 партияси: Демократик юнионлар, Социал-демократик лейбористлар, Ольстер юнионлар партияси ва Шинн Фейн партиялари курашади.

Бу кейинги 3 йил ичида британияликлар учинчи марта умуммиллий сайловларда овоз бериши бўлмоқда: аввалги парламент сайловлари 2015 йилда ўтказилган, 2016 йил ёзида мамлакатнинг ЕИга аъзолиги масаласида референдум бўлиб ўтганди.

Жамоа палатасини тарқатиб юбориш ва 8 июнь куни мамлакатда умуммиллий сайловлар ўтказиш ниятини Тереза Мей 18 апрель маълум қилган эди.

Бош вазир ўзининг бу қарорини депутатлар орасида Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши масаласида бирдамлик йўқлиги билан изоҳлаган эди.

Буюк Британиянинг ЕИдаги аъзолиги бўйича референдум ўтган йилнинг 23 июнь куни бўлиб ўтган, унда 51,9 фоизлик натижа билан евроинтеграцияга қарши бўлганлар ғалаба қозонганди. 2017 йилнинг 29 март куни эса Британия бош вазири Тереза Мэй Европа кенгаши раҳбари Дональд Тускка мактуб юбориб, унда ЕИдан чиқиш жараёни бошлангани ҳақида маълум қилди. Ўша пайтдан бошлаб ЕИ тўғрисидаги Лиссабон келишувининг 50-моддаси кучга кирди ҳамда Буюк Британиянинг ҳамжамиятдан чиқиш бўйича икки йиллик музокаралар жараёнига (Brexit жараёни) старт берилди.