Чехия парламенти 7 июнда 2019 йил январи охиридан мўйна олиш мақсадида жонзотларни кўпайтирувчи фирмалар фаолиятини тақиқлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Чехия телевидениеси хабар бермоқда. 

"Бу бизнес 21-аср меъёрларига жавоб бермайди", деб айтди қонун лойиҳаси ташаббусчиларидан бири Йиржи Коубек.

Қонун лойиҳасини узоқ баҳс-мунозаралардан кейин 161 депутатдан 132 нафари қўллаб-қувватлаган. Қонунда "жонзотларни мўйнасини олиш учун кўпайтириш ва ўлдириш тақиқланиши" айтилган. Фақатгина қуён ва нутрияларни кўпайтириш бу тақиқловдан мустасно этилган.

"Бугун қишлоқ хўжалиги вазирлиги қаршилигига қарамасдан, биринчи марта ҳайвонлар ҳолати бўйича реал ўзгариш киритишга муваффақ бўлинди", деб айтди депутатлардан бири Марек Воршилка. У парламент биноси ёнида қафас ўрнатиб, барча истовчиларга жонзотлар тутқунликда ўзларини қандай ҳис қилишларини ўз бошларидан ўтказиб кўриш учун унда ўтириб кўришни таклиф қилди.

Баъзи депутатларнинг айтишича, уларга телевидение орқали Чехиядаги мўйна олувчи фирмалардан бирида тулкилар ўлдирилаётгани намойиш қилинган ҳужжатли фильм қаттиқ таъсир қилган.

"Бундай лавҳалардан кейин мўйна олувчи фирмалар фаолиятига қарши овоз бермасликнинг иложиси бўлмади. Мен аёллар бош кийимидаги бир попук деб ҳайвонлар ўлиши ва азият чекишини кечира олмайман",  деб айтган Чехия парламентининг атроф-муҳитни сақлаш қўмитаси раҳбари Робин Бёних.

Чехияда мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқариш асосан 9 та йирик фирмада мужассамлашган. Бу фирмаларда тулки ва норкалар кўпайтирилади. Ҳар йил мўйна олиш мақсадида 20 мингга яқин жонзот йўқ қилинади. Бу фирмалар эгалари янги қонун устидан арз қилишмоқчи, чунки қонун ҳозирча парламент юқори палатаси аъзолари томондан маъқулланмаган ва Чехия президенти томондан имзоланмаган.