2017 йилнинг 5 июнь куни тахминан соат 22:00 ларда, Шерзод Шукрулла ўғли Файзуллаев, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш мақсадида, Чилонзор тумани ҳудудида фуқаро Акмал Ҳамидовга (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) қўнғироқ қилиб олишни важ қилган ҳолда, унга тегишли бўлган баҳоси 200.000 сўмлик «Nokia 222» русумли уяли алоқа воситасини қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлган. У тунги хизматни олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан далилий ашё билан қўлга олинган, деб хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 1-қисми (ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.