Мадриднинг "Реал" клуби ва Португалия терма жамоасининг ҳужумчиси Криштиану Роналду Forbes журнали талқини бўйича кетма-кет иккинчи йил дунёнинг энг катта даромад олувчи спортчилари рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллади.        

Футболчи 2016 йил давомида 93 млн доллар ишлаб топа олди. У бундан 58 млн долларини асосий фаолиятидан маош ва бонуслар тарзида олган, қолган суммани эса ҳомийлардан олинган даромад ташкил қилади.  

Бу борада 2-ўринни АҚШнинг Миллий баскетбол уюшмаси (МБУ) баскетболчиси Леброн Жеймс эгаллади, у 2016 йил ичида 86,2 млн доллар ишлаб топган. 3-ўринни яна бир футболчи – "Барселона" аъзоси Лионель Месси 80 млн долларлик даромад билан эгаллади.

Рейтингнинг етакчи ўнталигидан МБУнинг яна уч вакили: америкалик Кевин Дюрант (5-ўрин, 60,6 млн доллар), Стефен Карри (8-ўрин, 47,3 млн доллар) ва Жеймс Харден (9-ўрин, 46,6 млн доллар) ўрин олди. Қолган ўринларни швейцариялик теннисчи Рожер Федерер (4-ўрин, 64 млн доллар), шимолий ирландиялик гольфчи Рори Макилрой (6-ўрин, 50 млн доллар), американча футбол ўйинчиси Эндрю Лак (7-ўрин, 50 млн доллар) ва "Формула-1" пойгачиси, британиялик Льюис Хэмилтон (10-ўрин, 46 млн доллар) эгаллади.