2 июнь куни Hodinkee ихтисослаштирилган портали Монакодаги кимошди савдо лотлари рўйхатига Владимир Путинга гўёки тегишли бўлган соат қўшилганига эътибор қаратди. Рўйхат учун Monako Legends компанияси жавобгар эди. Сайт ходимларининг фикрича, савдоларга 5208P – Швейцарининг Patek Pilippe фирмасининг “энг мураккаб” ишларидан бири қўйилган.

Доимий календарь, хронограф, ой фазалари индикатори ва олтин циферблатга эга оқолтин соат энг қимматлардан бири ҳам ҳисобланади – тахминан миллион доллар туради. Hodinkee маълумотига кўра, Patek Pilippe маҳсулоти мурожаат қолдирган фирманинг асосий мижозларигагина сотилиши мумкин.

Соат билан бирга суратга олиниб, тақдим этилган ҳужжатларда уни жаноб Vladimir Vladimirovic Putin Watches of Switzerland расмий ретейлерининг Лондон бўлинмасидан сотиб олгани ҳақида ёзув бор. Hodinkee’нинг тахминича, Россия президенти сифатида исталган киши ўзини таништириши мумкин бўлган. Бироқ, уларнинг сўзларига кўра, Patek Philippe соатлари ретейлерлари харидорнинг ҳақиқий исмини текширишлари талаб этилади.

Кейинчалик Bloomberg Hodinkee мақоласини ўз сайтида эълон қилди. 5 июнь куни эса Монакодаги кимошди савдоси лоти ҳақида Франциянинг Le Point нашри ёзди. Унинг таъкидлашича, “ҳазил ёки тасодиф” эҳтимоли жуда кам, ҳамда афтидан, соат айнан Путинга тегишлидир. Шундан сўнг Россиядаги қатор ОАВ Le Point’га таянган ҳолда президент қимматбаҳо соатни сотувга қўйгани ҳақида хабар тарқатди.

Бироқ аукциондаги лот Путинга тегишли эканига ҳамма ҳам ишонмади. Соатларга бағишланган Watch Alfavit сайтида ҳужжатлардаги фамилия ва исмнинг ёзилишига эътибор қаратишди: Англияда Vladimirovic эмас, балки Vladimirovich, Франция эса – Putin эмас, балки Poutine, деб ёзишган бўларди.

"Фақатгина шарқий Европа давлатларидан бўлган ёки лотин транскрипцияси билан умуман таниш бўлмаган инсон “ч” товушини “с” ҳарфи билан белгилаши мумкин. Эҳтимол, бу икки нарса бир ҳазилкашнинг ўзига тегишли бўлган. Агарда соатлар президентга сотиб олинганда, ёзилишда хато бўлмасди”, - дейилади Watch Alfavit мақоласида.

7 июнь куни Россия раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков соат Путинга тегишли бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этиб, бу "фейк хабар"лиги таъкидлади.