Ҳиндистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) тўлақонли аъзосига айланмоқда. У ташкилотга Покистон бир вақтда кирмоқда. Мамлакат бу воқеага анчадан бери тайёргарлик кўриб келди: 2005 йилда ШҲТ кузатувчисига айланди. Жоваҳарлал Неру номидаги Университетнинг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, Евроосиё фонди директори профессор Арун Моханти ТАСС’га берган интервьюсида Ҳиндистонга трансминтақавий тузилмага кириш нима бериши, бу ШҲТнинг бошқа аъзолари ва жаҳон сиёсатидаги умумий кучлар мувозанатига қандай таъсир кўрсатиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Ҳиндистонда ШҲТга киришга қандай қарашмоқда?

— Ҳиндистон – минтақавий ва глобал катта мақсадларга эга давлатдир. ШҲТ – Евроосиё маконидаги энг йирик минтақавий ташкилот бўлиб, у хавфсизликни таъминлаш, терроризм билан кураш, минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда барқарорликни ушлаб туришда муҳим ўрин тутади.

Шуни аниқ айтиш мумкинки, бу ташкилотга аъзолик мамлакатимизга узоқ муддатли истиқболда фойда беради, шунингдек, бутун минтақада тинчлик ва фаровонликка хизмат қилади. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди таъкидлаганидек, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзолигимиз, Ҳиндистоннинг иштирокчи давлатлар билан муносабатларининг табиий давомидир, ҳамда Ҳиндистон келажагида минтақанинг ўрнини кўрсатиб беради”.

— Ҳиндистонга ташкилотга кириш нима беради ва бу унинг бошқа аъзоларига қандай таъсир кўрсатади?

— Барча фойдада қолади: тузилма ҳам, унга аъзо мамлакатлар ҳам. ШҲТ ўз фаолиятида икки муҳим йўналишга эга: саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда хавфсизликни кучайтириш ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Терроризм қурбони бўлган Ҳиндистон, ШҲТ аъзоси сифатида у билан биргаликда кураш боришдан жуда манфаатдор. Шунингдек, Ҳиндистон Марказий Осиё ва Афғонистонда минтақавий барқарорликни ушлаб туришга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Умуман олганда, аминманки, ШҲТ янада нуфузли ва кучлироқ бўлиб бормоқда. 

— Ҳиндистон учун ШҲТ доирасидаги ҳамкорликда энергетика соҳаси қандай ўрин тутади?

— ШҲТ ўзининг банки ва энергетика клубига эга бўлгани туфайли, ташкилот аъзолари бор бўлган инфратузилмадан бу соҳадаги ўз манфаатларини қондиришда тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланишлари мумкин. Россия – энергоманбаларни етказиб берувчи йирик давлат, Ҳиндистон ва Хитой – катта истеъмолчи давлатлар. ШҲТ доирасидаги ўзаро мувофиқлашув жаҳон энергетика бозорида барқарорликни таъминлайди ва барча давлатларга – унинг иштирокчиларига фойда келтиради.

— ШҲТ Афғонистондан халқаро коалиция қўшинлари кетганидан сўнг минтақада хавфсизликни таъминлашда қандай ўрин тутади? Ҳиндистон бунга ўз ҳиссасини қўшиши мумкинми?

— Афғонистон ва Марказий Осиё Ҳиндистон учун стратегик аҳамиятга эга. ШҲТ Афғонистондаги вазиятга ўз ижобий таъсирини аста-секинлик билан ошириб бормоқда. ШҲТнинг бу давлат бўйича мулоқот гуруҳи – минтақани яқин ойлар ва йиллар давомида барқарорликка етаклашда катта ўрин тутувчи механизмдир.

— Ҳиндистоннинг ШҲТга кириш жаҳон сиёсатида қандай оқибатларга олиб келади?

— Умуман олганда, Ҳиндистоннинг кириши ШҲТнинг дунёдаги сиёсий нуфузини янада оширади ва ривожланаётган давлатларга унинг иқтисодий жозибадорлигини кўпайтиради, сабаби у уларнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификациялашга хизмат қилиб, кўп векторли ташқи сиёсатларини мустаҳкамлайди.