Италиянинг Тоскана вилоятида яшовчи аёл 16 ойлик қизини машинада қолдириб, ишига кириб кетган. Қизалоқ 6 соат мобайнида қуёшда қолиб кетиб вафот этган. 

Италияни карахт ҳолга солган бу воқеа 7 июнда Тоскана вилоятининг Кастельфранко-ди-Сопра шаҳрида юз берди. Шаҳар мэрияси ходимаси ишга йўлда қизини яслига ташлаб кетишни унутиб қўйган ва фарзандини ишхонаси ёнидаги автотураргоҳда 30 градус ҳароратда машина ичида қолдириб, ишига кириб кетган. Норасида қизалоқ машина ичида 6 соат ўтирган.

Аёл тушлик вақтида соат 14:00ларда машинаси ёнига қайтганда, фарзандини жонсиз ҳолда аниқлаган. Қизчани пиёдалар ва аёлнинг ҳамкасблари ҳамда воқеа жойига вертолётда етиб келган қутқарувчилар дефибриллятор ёрдамида жонлантиришга ҳаракат қилишган, бироқ кеч бўлган эди.

Аёл прокуратура ва карабинерлар томондан сўроқ қилинган. Италия ОАВнинг маълум қилишича, аёлнинг танишлари уни жуда ғамхўр ва эътиборли она сифатида таърифлашган.