Шимолий Корея бир нечта ракета учирди

Жаҳон 08 Июнь 2017 17678
Фото: EPA

Жанубий Корея ҳарбийлари маълумотларига кўра, Шимолий Корея 8 июнь куни шарқий соҳилларидан бир нечта баллистик ракета, тахмин қилинишича, кемаларга қарши қанотли ракеталар учирган. Бу ҳақда Уonhap News ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Шимолий Корея Канвон вилоятидаги Вонсан яқинидан бугун эрталаб, тахминларча, "ер-кема" синфидаги бир нечта снарядларни учирган", деб маълум қилинди Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитасида.   

Учирилган ракеталар деярли 200 км масофа учиб ўтиб, Японияга тегишли бўлган иқтисодий ҳудудга тушган.

Токио бунга ўз муносабатини билдириб, Шимолий Кореяга норозилик нотаси юборишга ваъда берган. Кунчиқар давлат ташқи ишлар вазири Фумио Кисида япон ҳарбийлари мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳеч нарса қайд қилишмаганини маълум қилди. Бироқ, унинг таъкидлашича, бундай тажовузкор ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди.

Шимолий Корея охирги марта 29 май куни ракета учирганди. Ракета шарқий йўналишда 450 км учиб ўтиб, Япон денгизига қулаган. 

Кўпроқ янгиликлар