Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида
йил бошидан буён 514та, 1-7 июнь кунлари оралиғида 34та ҳолат аниқланди.

Шаҳар ИИББда ташкил этилган брифингда маълум қилинишича, Тошкент шаҳрига кириб келиш постларида йил бошидан гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари йил бошидан 88тани, ҳафта мобайнида 2тани ташкил этган. 

Шунингдек, ҳафта давомида 1 кг 031 грамм, йил бошидан эса 25 кг 720 грамм гиёҳвандлик воситалари олинган. Хусусан, 2017 йилнинг 2 июнь куни шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган  “Қорадори – 2017” тадбири давомида Сергели тумани ҳудудида муқаддам безорилик жинояти билан судланган Р.М. ёнида оғирлиги 27,65 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.

2017 йилнинг 4 июнь куни айни шу “Қорадори – 2017” тадбири давомида Юнусобод тумани ҳудудида Ф.Т. ўз уйи ҳовлисида, қонунга хилоф равишда, таркибида гиёҳвандлик воситаси мавжуд бўлган 15 туп “наша” ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.

Ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Мирзаев ва Тўлагановнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.