Кун.uz таҳририятига келган мактублар орасида Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали жорий йилда талабалар қабул қилмаслиги хусусида савол бор эди: 

“Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали жорий йилда ўз фаолиятини тўхтатади, деган хабарни эшитдик. Энди барча талабалар Андижон Давлат тиббиёт институти ёки Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олар экан. Бу йил қабул ҳам бўлмас экан. Олийгоҳимиз раҳбарияти бу ҳақида аниқ маълумот бермади. Шу ҳақида батафсил маълумот беришингизни сўраймиз. Бу хабар қанчалик ҳақиқатга яқин”, - дея қайд этилган мурожаатда. 

Шунингдек, мурожаатда мазкур олий ўқув юртида ҳеч қандай моддий техник база йўқлиги, ўқиш учун шароит ҳам қониқарли эмаслиги ҳам таъкидлаб ўтилган. 

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиевга мурожаат қилинди. 

“Жорий йилда Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида қабул бўлмаслиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида кўрсатиб ўтилган. Мазкур қарорнинг ижро механизми Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилинмоқда. Ҳужжат тайёр бўлганида эса босқичма-босқич қандай ишлар қилиниши бизга маълум бўлади. Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида бу йил қабул бўлмайди. Унинг фаолияти бутунлай тугатилиши ёки бу жараён қандайдир вақт ичида амалга оширилиши ҳужжат қабул қилингандан сўнггина маълум бўлади”, - дея қайд этди Лазиз Тўйчиев. 

Маълумот ўрнида: Тиббиёт олийгоҳларига қайси вилоятдан қанча талаба қабул қилиниши ҳақида аввалги хабарлар орқали билиб олиш мумкин.