2017 йилнинг 7 июнь куни Тошкент ИИББ ходимлари томонидан Рихсиев Даврон ўғирлик содир этаётган вақтда қўлга олинди. Матбуот брифингида маълум қилинишича, у Миробод тумани  ҳудудида фуқаро Ҳакимовга тегишли бўлган «Нексия-2» русумли автоуловнинг олд йўловчи эшигини бузиб очиб, салондан жами 375 минг сўм миқдоридаги нақд пулларни ўғирлик йўли билан эгаллаб олиб, ҳодиса жойидан яширинаётган вақтида Ички Ишлар Бош Бошқармаси ходимлари томонидан далилий ашё билан қўлга олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар Бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Рихсиев Давроннинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

2017 йилнинг 29 март куни номаълум шахслар фуқаро Я.нинг Сергели туманида жойлашган хонадонига эшик қулфига калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, жами 3 млн 133 минг сўмлик мол-мулкини ўғирлаганлик ҳолати бўйича Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда уй-жойга ғайриқонуний равишда кириш) аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилган эди. 

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноят муқаддам ўғирлик ва гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомаласи жиноятлари билан судланган Сергей Заводской ва Александр Бузичкин томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улардан турли хилдаги калитлар тўплами ва қўлқоплар далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, Заводской ва Бузичкинлар Тошкент шаҳри ҳудудида калит танлаш йўли билан бир нечта ўғирлик жиноятларини содир этганликлари аниқланди. Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. 

Шу муносабат билан, шаҳар ИИББ мазкур шахсдан жабр кўрган фуқаролар бўлса, яқин орадаги ички ишлар идораларига ёки 102 қисқа телефон рақамига мурожаат қилишларини сўраб қолади.