Америкалик экспертлар Саудия Арабистони АҚШдан сотиб оладиган қурол-яроғлари рўйхатини эълон қилишди.

Тарихдаги қурол соҳасида энг йирик келишув – бу 100 миллиард доллар ва Яқин Шарқдаги энг қуролланган армия. Саудия Арабистони азалдан АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиси бўлгани ҳолда, ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этмоқда ва фаол равишда қуролланмоқда.

Қайта қуролланиш ўз ичига нафақат авиация ўқ-дорилари ва ракета қуроллари, балки махсус ҳаво кемаларини ҳам қамраб олган: жосуслик ва ёқилғи қуйиш самолётлари, ҳаво мудофааси ва ракеталарга қарши мудофаа тизимлари ҳамда кўплаб бошқа нарсалар.

Эълон қилинган ҳужжатга кўра, сарф-харажатлар орасидаги энг йирик банд ҳаво мудофааси ва THAAD ракеталарга қарши мудофаа комплексларида бўлади. Бу борадаги техникани сотиб олишга тахминан 13,5 миллиард доллар сарфланиши кутилмоқда. 

Мамлакат ҳукумати 4,5 миллиард долларни юқори аниқликдаги авиация ўқ-дорилари ва JDAM комплексларига ажратади. Режага кўра, қироллик ҲҲК тахминан 104 мингта шундай ўқ-дорини олади.

Деярли 6,7 миллиард долларни Patriot зенит ракета мажмуаларини сотиб олиш ва уларга хизмат кўрсатишга сарфлаш режалаштирилган. Бу мажмуалар учун шартнома 2018-2027 йиллар давомида етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни ҳам қамраб олган.

5,8 миллиард учта 130J ёқилғи қуйиш самолётлари ва 20 та C-130J транспорт самолётларини харид қилишга сарфланади. Мамлакат ҳукумати яна олти миллиард долларни Lockheed Martin компаниясига соҳилбўйи зонасида кемаларни қуриш учун тўлаб беради. SNEP II лойиҳаси доирасида яратилаётган кемаларнинг аниқ сони номаълум.

Бундан ташқари, 2,35 миллиард доллар Bradley пиёда аскарлар жанговар машинасини модернизация қилишга сарфланса, 1,35 миллиард – шу турдаги 213 та янги машинани сотиб олишга йўлланади. 1,5 миллиард артиллерия ўзиюрарлари ва тўпларни харид қилишга ажратилади.

Яна камида 18 миллиард долларни бошқарув ва қўмондонлик тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, алоқа линияларини таъминлаш ва ўзаро ҳаракатлар комплексларини яратишга сарфлаш режалаштирилмоқда.