Яйпанлик ўттиз уч ёшга кирган Ҳакимжон Холхўжаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) туман ва шаҳарларда таниш-билишлари раҳбарлигида бир эмас, саккизта МЧЖ ташкил этиб, уларни норасмий тарзда бошқариб келади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси. 

Ҳисоб-китобда, иш бошқаришда нўноқ бўлган МЧЖлар расмий раҳбарларининг аксарияти муайян миқдорда маош олиб турганлари эвазига расмий ҳужжатларга кўр-кўрона имзо чекиб бераверишган. Барча ишларни норасмий раҳбар Ҳ.Холхўжаевнинг ўзи бошқариб, фойдани ўз билганича тасарруф этаверган. Кўп миқдорда олинган даромадларни солиқ тўловларидан яширган, нақд пул муомаласига оид қонунчилик талабларини муттасил бузиб келган “Санжар пласт инвест”, “Нодир имкон файз”, “Фарғона кабел”, “Водий супер кабел”, “Голд платинум вире”, “Султон пласт инвест” МЧЖларнинг норасмий раҳбари 2014 йилнинг июль ойида жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар, сентябрь ойида Ўзбекистон туман судлари томонидан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган эди. Бу шахс бундан тегишли хулоса чиқармай, жиноий қилмишларини давом эттираверган экан. Назорат қилувчи органлар рухсатномасига асосан Тошлоқ туман солиқ инспекцияси томонидан туманда рўйхатдан ўтган “Қўқон электро лойиҳа” масъулияти чекланган жамиятида 2014 йил декабрь ойидан 2016 йил март ойига қадар вақт мобайнида солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича текшириш ўтказилган. Аниқланишича, ДСИга ушбу даврда жами 4 млрд. 858 минг сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб сотилгани, 5 фоиз ставкада 242 млн. 900 минг сўм ягона солиқ ҳисоблангани хусусида ҳисоботлар тақдим этилган. Жамиятга хизмат кўрсатувчи банк филиалидан олинган ҳисоб рақамидан кўчирмалар ва МЧЖ раҳбарларининг тушунтиришларига кўра, 2015 йилдаги жами товар айланмаси 10 млрд. 137 млн. сўмни ташкил этган, бунга нисбатан эса ягона солиқ миқдори 263 млн. 964 минг сўмга кам ҳисобланиб, тақдим этилган экан.

Бундан ташқари, Ҳ.Холхўжаев ўзининг норасмий раҳбарлигидаги Қўқон шаҳрида очилган “Фарғона кабель класс” МЧЖдан 2015 йил мобайнида пул ўтказиш йўли билан харид қилинган 2 млрд. 212 млн. сўмлик гранулани нақд пулга сотиб юборгани, амалга оширилган товар айланмасини ДСИга топширилган ҳисоботларга киритмаганлиги натижасида 156 млн. 47 минг сўм ягона солиқ бюджетга тўлашдан яширилгани маълум бўлди.

Суд мажлисида Ҳ.Холхўжаевнинг айбли ҳужжатли далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тўкис исботини топди ва унга тегишли жазо тайинланди.