Фарғонада мудҳиш қотиллик: ота-бола қўшни йигитни пичоқлаб ўлдирди

Жамият 09 Июнь 2017 19787

Ҳовли уйлари рўпарама-рўпара эди. Муаттар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) деразани очиб, кўчада турган синфдошига кўзи тушди-ю, ўзини ичкарига олди. Мактабда ўқиб юрган кезлари Абдуқодирга ёқишини сезарди. Битирув арафаси йўлидан чиқиб, севги изҳор қилганида кулиб қўя қолди. “Бор-э, тошингни тер”, дейишга тили бормади. Кўнглини чўктириб қўйишни истамади. Тақдир тақозоси билан айнан Абдуқодирга қўшни йигитга турмушга чиқди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Турмуш ўртоғи Иномжон Муаттарни жонидан ортиқ кўрар, у ҳам умр йўлдошига меҳр қўйган эди. Қиз фарзанд кўришди. Тинч-тотув турмушларига ҳеч нарса раҳна сола олмайдигандай эди. Иномжон отаси Икромжон ака билан дашт ердаги фермер хўжалигида ётиб қолиб ишлар, ота-бола беш-олти кунда бир марта уйларига келиб-кетиб туришарди.

Сўнгги пайтларда Абдуқодир кўча-кўйда Муаттарнинг ортидан қолмайдиган, деразаси қаршисида термулиб турадиган бўлиб қолди. Бирон марта гап отмагани, ножўя ҳаракат қилмагани боис Муаттар бунга эътибор бермай юрди. Қолаверса, турмуш ўртоғига гап очса, ўртада можаро чиқишини ўйлаб, индамади.

Август ойининг боши. Соат ўн бирларда Иномжон даштга – ишга кетди. Муаттар ота-онасидан хабар олмоқчи бўлиб, қайнонасидан рухсат сўради. Кечки пайт соат олтиларда онасининг қўл телефонига қўнғироқ қилишди. У “Иномжон шекилли, лекин овози ўхшамаяпти”, дея телефонни қизига узатди. Муаттар овозидан Абдуқодирни таниди. “Бошқа одам экан”, дея телефонни қайтариб берди. Сожидахон опа қизининг қўлидан телефонни қайтариб олиши билан: “Кимсиз? Қизимни тинч қўйинг!”, дея танбеҳ бераётганида ўғли Ҳомиджон кириб келди.

-  Ким билан бунақа оҳангда гаплашаяпсиз?

-  Кимлигини айтмади, мана ўзинг гаплашгин, - деб телефон рақамини айтиб берди. Лекин Абдуқодир телефонини ўчириб қўйган эди. Ҳомиджон куёвдир, деган ўйда Иномжоннинг рақамини терди. Отаси Икром ака “Ўғлим даланинг ичида, нима гап?”, деб сўраган эди, “Ўзим шундай, ҳол-аҳвол сўрамоқчи эдим”, дея Ҳомиджон гапни чувалаштиришни истамади.

-  Эринг қўнғироқ қилмаган бўлса, ким бўлиши мумкин? – Ҳомиджон синглисига тикилди.

-  Синфдошим Абдуқодир, ҳол-жонимга қўймаяпти, - деди Муаттар.

Кечқурун соат ўнларда ниҳоят Абдуқодир қўнғироғига жавоб берди.

-  Ҳозироқ менга учрагин, - тайинлади Ҳомиджон.

“Мен келдим”, дегач кўчага чиқди. Бироздан кейин қайтиб кирди.

-  Сендан кечирим сўрамоқчи бўлибди, - деди синглисига. – Қўнғироқ қилади.

Дарвоқе, Абдуқодир телефонда Муаттарга “Мени кечир, ўзингни эҳтиёт қил, энди тинч қўяман”, деди.

Бироқ, келаси куни соат бешларда ота-онасининг уйидан қайтаётган Муаттарнинг рўпарасидан чиқди. Ёнидан ерга қараб ўтаётганида эса “Ҳали гаплашамиз”, деб юрагини така-пука қилди. Муаттар шу куни уйдан чиқмади. Эрталаб соат беш яримларда кўчани супура бошлади. Абдуқодирни кўрди-ю, ичкарига шошилди. У йўлини тўсди:

-  Гаплашиб олишимиз керак.

-  Сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, - Муаттар чўрт кесди.

Одатда Иномжон даштлигида у айвонда, қайнонасининг ёнида қизчаси билан ётиб турарди. Кечқурун соат ўнларда ётоқхонасига кириб, қизчасига кўйлакча тикди. Дазмоллаш учун ҳовлидан чўмичдан сув олиб, ортига қайтди. Даҳлизда пайдо бўлган Абдуқодир қўшнисининг келинини бир қўлида оғзини ёпиб, иккинчиси билан қўлини қайирди. “Овозинг чиқмасин!” деб ётоқхонага судради. Қайнона чўчиб уйғониб, ёнбошига қаради. “Шу пайтгача ётмабди”, дея келинининг ётоқхонаси деразасидан мўралади. Диванда қўшни йигит ёнида ўтирганини кўрди-ю, қарғиш ёғдириб, эшикка юрди. Абдуқодир эшикни ичкаридан қулфлаб, деразадан кўчага сакради. Шовқиндан уйғонган Икромжон ака ҳовлига чиқди. 

-  Абдуқодир яшшамагур, келинингизни ётоғига кирибди.

Жони ҳалқумига келган қайнота “Оғзимни кафтида ёпиб, қўлимни қайирди”, дея йиғламсираб турган келини ва хотини билан қўшнининг ҳовлисига кириб борди.

-  Нима бало, ярим кечасида.., - Абдуқодирнинг онаси Салимахоннинг гапи чала қолди.

-  Ифлос ўғлингни чақир, чиқсин!

-  Нима бўлди? Бугун уйга келгани йўқ. Амакиси билан новвойхонада ётиб ишлаяпти.

-  Ярамас, келинимни ётоқхонасида нима қилади ярим кечаси? Чавақлаб ташлайман, уни!

Тўс-тўполонга қўни-қўшни тўпланди. Икромжонни, хотинини тинчлаштиришга ҳаракат қилишди. Кўпчилик бўлиб шаштидан туширишди, уйларига киритиб юборишди.

Тонг саҳар Икромжон қудаларини телефонда чақирди. “Қизингизни олиб кетинг”, деди. Муаттар қизчасини бағрига босиб кетгач, ўғлига қўнғироқ қилди-да, тез етиб келишни тайинлади. Ота-онасининг сўзлари Иномжоннинг дилини ўртади. Қайнотанинг уйига йўл олди. Қайноғаси, қайнонаси, жуфти ҳалолининг гапларига ишонди. Ғазаби қайнади. “Абдуқодирни ўлдираман!”.

Отаси иккаласи қўшнининг хонадонига киришди. Салимахонни қисти-бастига олишди. Абдуқодир йўқлигига ишонч ҳосил қилгачгина, ташқарига чиқишди.

Салимахон укасининг уйига йиғлаб борди. “Ўғлимга туҳмат қилишяпти, майиб қилиб қўйишмасин”. Ҳотамжон опасиникига бориб турди. Бироздан кейин жиянини топиб беришни талаб қилиб, яна бостириб кирган ота-болани “Қонуний ҳал қилайлик”, дея йўлга солишга ҳаракат қилди. Аммо уларнинг ҳеч нарсадан қайтмайдиган алпоздаликларини кўриб, ИИБ ҳудуд нозирини қидириб кетди. Маҳалла посбонидан телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилди.

-  Ота-боланинг шашти ёмон, тинчитмасангиз бўлмайди.

-  Мен узоқдаман. Бўпти, жиянингиз ариза ёзсин.

Келаси куни Иномжон отаси билан кирганда Абдуқодир уйда эди. Ҳотамжонни четга суриб қўйишди. Гапларига қулоқ солишмади. Икромжон ака Абдуқодир билан ёқалашиб, муштлаша кетди. Қўшнилар ажратиб қўйишди. Ҳотамжон телефонда ҳудуд нозири билан боғланди.

-  Ота-бола жиянимни уйига яна бостириб киришди. Абдуқодир қариндошимизникида жон сақлаяпти.

-  Мен ярим соатда бораман. Жиянингиз уйига келиб турсин.

Кечки пайт соат бешларда Иномжон велосипедда кўчадан сув олиб қайтаётиб, қариндошлари билан уйига кириб кетаётган Абдуқодирни кўриб қолди.

-  Анави ифлос қайтди, - дея ошхонадан пичоқ олиб, ташқарига югурди.

Ортидан отаси чиқди. Йўлларини тўсган Салимхоннинг юзини Икромжон пичоқда тилиб юборди. Бу сафар на қўшнилар, на Ҳотамжон ва қариндошлар пичоқ билан қуролланган ота-болага бас кела олишмади. Иномжон Абдуқодир ичкаридан беркитиб олган хона эшигини очолмагач, кўча деразасини синдирди. Деразадан кирганида Абдуқодир эшикдан қочди. Ота-бола кўчада унинг ортидан қувишди. Етиб олиб, уриб йиқитишди. Иномжон ётган жойида Абдуқодирнинг кўксига икки-уч марта пичоқ санчди, юзини тилиб ташлади. Шу тариқа бир инсон ҳаётдан кўз юмди.

Суд мажлисида Фурқат тумани, Шунқор ҚФЙда яшовчи Иномжон Асронов айбига тўлиқ, унинг отаси Икромжон Асронов қисман иқрор бўлишди. Қасддан ёш йигитнинг умрига зомин бўлган қотил ота-бола узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, оқсоқоллар четда турмай, уларни муросага келтиришга уринганларида, маҳалла посбони, ҳудуд нозири пайсалга солмай, ғазаб отига минган ота-болани шаштидан тушириш чорасини кўрганларида қотилликнинг олди олинган бўлур эди. Хизмат вазифасига лоқайд қараганларга нисбатан тегишли прокурор назорати чоралари қўлланилди. 

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 20298 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 70900 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37972 Lifestyle
Саудия Арабистонида ҳукмрон оиладан бўлган яна бир шаҳзода вафот этди
08:46 25 Жаҳон
Германияда уруш давридаги бомба туфайли 10 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди
08:32 324 Жаҳон
Венесуэладаги турмада юз берган тўқнашувлар оқибатида кўплаб маҳбуслар ҳалок бўлди
08:25 495 Жаҳон
Саудия Арабистони ҳаж вақтига зиёратчилар учун Қатар билан чегарасини очади 
08:16 760 Жаҳон
Ирландия Apple’дан 13 млрд евро миқдоридаги солиқларни талаб қилмоқчи эмас
Ливанда номусга текканлик учун жазо ўрнига ўз қурбонига уйланишга ижозат берувчи қонун бекор қилинди
08:05 1297 Жаҳон
Британиянинг энг катта ҳарбий кемаси хизмат ўташ жойига келди
07:49 2070 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар