Назарбоев ШҲТ эркин савдо ҳудудини ташкил этиш ғоясини билдирди, деб хабар қилмоқда Tengrinews.kz. Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда чиқиш қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ШҲТ доирасида кооперация масаласига асосий эътибор бериш кераклигини муҳим деб ҳисобламоқда. 

"Бунинг учун янги институционал имкониятлар ишлаб чиқилмоқда. Биринчидан, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги халқаро автомобиль ташишлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича келишув кучга кирди. Мамлакатларимизнинг транзит-транспорт салоҳиятидан фойдаланиш, шунингдек, ШҲТ йўлларини ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган дастурларга туртки беради", - деб қайд этган давлат раҳбари. 

"Иккинчидан, минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини ЕОИИ ва "Ипак йўли иқтисодий макони" лойиҳаларининг ўзаро боғлиқлиги нуқтаиназаридан ижобий баҳолаймиз", - деб қайд этган Қозоғистон етакчиси. 

"Истиқболда ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши ШҲТ эркин савдо ҳудудини барпо этишга асос бўлиши мумкин. Бунда мамлакатларимиз ўзларини қизиқтирган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида босқичма-босқич ҳаракатланишлари мумкин", - дея йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилган Назарбоев. 

ШҲТ (кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар билан бирга) – дунё аҳолисининг 50 фоизга яқини ёки 3 миллиарддан ортиғи истиқомат қилувчи йирик ташкилотдир. Унга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон киради. Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ташкилот кузатувчиларидир. Озарбайжон, Арманистон, Камбожа қироллиги, Непал, Туркия ва Шри-ланка мулоқот бўйича ҳамкорлар ҳисобланади.