Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар етакчилари Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Tengrinews.kz’нинг хабар беришича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ШҲТ қандай ташкил этилганини хотирлаб ўтган. Жорий йилда ташкилотга 16 йил тўлади.

"Бундай пайтларда беш давлат Хитой Халқ Республикаси билан чегаралар муаммосини ҳал этгани билан боғлиқ ҳолат ёдга тушади. Хитойнинг ўша пайтдаги раиси Цзян Цзэминь билан иккимиз эдик, мен таклиф қилдим – келинг чегараларни имзолагандан сўнг тарқалмаймиз, балки иқтисодий ҳамкорликни ташкил этамиз. ШҲТ шу тарзда пайдо бўлди", - деди Назарбоев.

"Ташкилот ўша вақтдан бери халқаро ҳамжамият томонидан тан олинди, кўп соҳали ҳамкорликнинг самарали майдончасига айланди. Минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича катта ишлар қилинди", - дея йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилди Қозоғистон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Остонадаги ушбу саммит ШҲТ тарихида янги саҳифани очмоқда.

"Ушбу йиғилиш олти томонлама шаклда сўнгги бор ўтмоқда. Биз бугун ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёнининг якунланиши ва уларга аъзолик мақомини тақдим этиш бўйича қарорни имзолашга келишиб олдик. Янги аъзоларнинг қабул қилиниши ташкилотнинг ривожига кучли туртки беради, унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади", - деди Назарбоев.

"Алоҳида эътибор янги чақириқлардан ўтиш, барқарорлик ва хавфсизлик таҳдидлари масалаларига берилмоқда. Хусусан, ушбу саммит доирасида халқаро терроризмга биргаликда курашиш бўйича баёнот қабул қилиниши, шунингдек, экстремизга қарши курашиш бўйича Конвенцияни имзолаш режалаштирилган. БУ ШҲТнинг ушбу глобал ёвузлик билан курашга қўшган ҳиссаси бўлади", - дея қайд этган Нурсултон Назарбоев.