Остона саммити иштирокчилари тор доирадаги йиғилиш бошлади

Жаҳон 09 Июнь 2017 6742

Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарларининг тор доирадаги йиғилиши бошланди.

Саммит 9 июнь куни Остона шаҳрининг Мустақиллик саройида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди. 

Давлат раҳбарлари аввалига суратга тушишган ва кейин музокаралар столига ўтиришган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 1996 йилда «Шанхай бешлиги» номи остида ташкил этилган ва унга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон асос солишган. 2001 йилда ташкилотга Ўзбекистон ҳам аъзо бўлгач, унинг номи «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» деб ўзгартирилган. Ўзбекистон уч бор — 2004, 2010 ва 2016 йилларда ташкилот саммитига мезбонлик қилган. 2016 йилги саммитда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича меморандум имзоланган. Остонадаги саммит чоғида бу давлатлар тўлақонли аъзоларга айланади ва  ташкилотга аъзо давлатлар сони 8 тага етади.

Айни пайтда тўрт давлат ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Булар: Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон. Кузатувчилик мақомига эришиш учун ариза берган яна уч давлат бор: Сурия, Миср ва Бангладеш.

Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар: Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия, Шри-Ланка.

Давлат раҳбарлари Остона декларациясини имзолашади, ШҲТнинг экстремизмга қарши Конвенциясини қабул қилади. Жами 11та ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбарларининг кенгайтирилган тартибда ва тор доиралардаги музокаралари ўтказилиши режалаштирилган. Сиёсатчилар ШҲТдаги вазиятни баҳолаб, келгусидаги қадамларни белгилаб олишади.

Саммит якунида ташкилотга раислик Қозоғистондан Хитойга ўтади. 2018 йилнинг июнида Пекинда ШҲТнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.

Кўпроқ янгиликлар