Остонада халқаро ихтисослаштирилган кўргазма EXPO-2017 "Келажак энергияси" расман очилди. Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, 17 та давлатнинг етакчилари ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.  

Кўргазманинг марказий экспозицияси "Нұр Әлем" сферасидаги Қозоғистон павильонига биринчи бўлиб Нурсултон Назарбоев етиб келди. У бу ерда қолган давлатлар етакчиларини кутиб олди.

Давлатлар етакчилари кутиб олингандан кейин кўргазма бўйича экскурсия ва Қозоғистон экспозицияси билан танишиш бўлиб ўтди. Бу ерда иштирокчилар биргаликда суратга тушдилар.

Маросимнинг тантанали қисми Конгресс-холлда бўлиб ўтди, сўнгра у Амфитеатрдаги "Буюк дашт симфонияси" концерт дастури билан давом этди. Томошабинлар турли тарихий даврларга бағишланган ва шу билан бир-бири билан ягона сюжетга боғланган алоҳида саҳна чиқишларидан иборат мусиқий-хореографик спектакль гувоҳи бўлишди.

Спектаклдан кейин томошанбинлар махсус трибунада ўтирган давлатлар етакчиларини қаршилашди. Сўнгра саҳнага Қозоғистон байроғи олиб кирилди ва Қозоғистон мадҳияси янгради. Сўнгра Халқаро кўргазмалар бюроси байроғи олиб чиқилди ва унинг мадҳияси ижро этилди.

Сўнгра саҳнага кўргазмада иштирок этаётган 115 давлатнинг байроқлари навбатма-навбат олиб чиқилди. Нурсултон Назарбоев кўргазмани ўтказиш учун жой танлашда Қозоғистонни қўллаб-қувватлаган барча давлатларга миннатдорчилик билдирди. 

"2012 йил ноябрда Парижда 100 дан ортиқ давлат вакиллари бизга бу кўргазмани ўтказишни ишониб, бизга юқори шараф билдиришди. Мен бизнинг аризамиз ва таклиф қилган мавзуимиз қабул қилингани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бундай миқёсдаги кўргазма нафақат бир давлат саъй-ҳаракатлари, балки ушбу кўргазмада ўзининг юқори натижаларини тақдим қилувчи халқаро ҳамжамиятнинг меҳнатидир. Кўргазманинг мавзусини "Келажак энергияси" деб номлаб, биз илмий тараққиётнинг энг марказида бўлишни мўлжаллаганмиз. Бугун биз самарали хавфсиз энергия соҳасидаги янги кашфиётлар бўсағасида турибмиз. Ишонаманки, бизнинг кўргазма бу глобал тараққиётга ўз улушини қўшади. Миллионлаб қозоғистонликлар, бутун дунёдан келган юз минглаб меҳмонлар дунё илмий ва муҳандислик ғоялари, буюк ютуқлар билан танишадилар. 6 мингта турли тадбирлар режалаштирилган. Биз, шунингдек, барча истовчиларни вилоятларимизга ташриф буюришни, ўзига хос табиат, тарихий бойлик билан танишишга таклиф қиламиз. Сиз қайга борманг, сизни самимий меҳмондўстлик кутади", деб айтган Қозоғистон президенти.

Кўргазма очилишининг расмий қисми тугагандан кейин "Нұр Әлем" сферасида проекцион лазер шоу ва байрам салюти намойиш қилинади.

Кўргазма ташриф буюрувчилар учун 10 июндан очилади. Кўргазма мавзуси муқобил энергия манбалари, "яшил" технологияларни ривожлантириш ва сайёрамиз экологиясини муҳофаза қилишга бағишланган. Унда тикланувчи энергия манбаларини қўллаш соҳасидаги янги ишланмалар ва ютуқлар намойиш қилинади.  

Нурсултон Назарбоев бу катта кўламли лойиҳани амалга оширишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдирди.

Кўргазмага 2 млн дан кўпроқ одам ташриф буюриши кутилмоқда. 

Шунингдек, кўргазмада тақдим қилинган Ўзбекистон экспозицияси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда юртимизда муқобил энергия манбалари соҳасида эришилган ютуқлар, ишланмалар намойиш қилинмоқда.

Ўзбекистон павильонининг биринчи қавати 630 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлиб, унда қуёш, шамол ва сув энергияси маҳсулотлари, қуёш энергияси стендида 2030 йилда автомобилларни қуёш нури ёрдамида қандай қувватлантириш мумкинлиги амалда намойиш этилмоқда ва бу кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Павильоннинг иккинчи қаватида мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, ўзбек миллий таомлари намойиш этилмоқда.