Президент Қарорига муносабат:  Қўлёзмаларни кимлар ўрганади?

Ўзбекистон 09 Июнь 2017 16614

Мамлакатимиздаги диний билим юртлари – мадрасалар қадим тарихга эга бўлиб, уларнинг довруғи бутун мусулмон оламига тарқалган. Лекин шўро ҳукуматининг сиёсати сабабли барча масжид ва мадрасалар ёпиб юборилиши натижасида 1928 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилган эди. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилди. Мазкур Диний бошқарма фаолияти Ўрта Осиёдаги бешта собиқ шўро республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган бўлиб, диний таълим билан боғлиқ асосий жараёнлар айнан Ўзбекистонда кечди.

Бухородаги “Мир Араб” (1945 йилдан бошлаб бугунги кунгача) ҳамда Тошкентдаги "Бароқхон" (1945-1961) мадрасалари ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Тошкент олий маъҳади. 1971 йилдан бошлаб бугунги кунгача) собиқ иттифоқнинг мусулмон ташкилотлари учун мутахассис тайёрлаб берувчи расмий диний ўқув юртлари очилди.

Тошкент олий маъҳадининг тантанали очилиш маросими 1971 йилнинг 1 ноябрь куни ўтказилди ва ўша даврда муфтий бўлган Зиёвуддин Эшон Бобохон диний ва замонавий илмларни пухта эгаллаган, муқаддас динимиз учун зарур бўлган билимдон ходимлар тайёрлашни асосий вазифа қилиб белгилаган эди. Муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди тантаналари нишонланиши муносабати билан Тошкент олий мадрасаси 1974 йилдан буён Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳади деб юритила бошланди.

Собиқ Иттифоқ даврида бундай олий маълумотли диний кадрлар тайёрлашга мўлжалланган институт ягона бўлиб, шу сабабли ҳам собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан – Кавказорти, Шимолий Кавказ, Озарбайжон, Сибирь ва бошқа ерларидан талабалар келиб таҳсил олишган.

Ислом олий маъҳадида таълим муддати тўрт йил бўлиб, ўрта махсус диний мадрасадан фарқли равишда бу ерда мутахассислик фанлари чуқур ўқитилар эди. Қуръони карим қироати ва тафсири, фиқҳ, ҳадис илми, балоғат илми, хатоба дарси, араб тили ва шу каби мутахассислик фанларига алоҳида эътибор қаратилган.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг шу кунга қадар тамомлаган битирувчилар давлат тизими ва соҳа доирасида вазифаларда ишлаб келишмоқда. Институт тарихида қуйидаги диний уламолар ва давлат арбоблари таҳсил олиб чиқишган: 1989-1990 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1973-1975), ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов (1983-1987), Чеченистон Республикасининг собиқ Президенти Аҳмад ҳожи Қодиров (1982-1986), Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, бош муфтий Талгат Сафа Тожиддин (1973-1977), Кавказ мусулмонлари идораси раиси, БМТнинг Халқаро диний маслаҳатчи раиси, МДҲ Динлараро кенгаш ҳамраиси Оллоҳшукур Пошшозода (1971-1975), Санкт-Петербург ислом институтининг ректори, Халқаро фанлар академиясининг академиги, Россия мусулмонлари Марказий диний бошқармаси президиуми аъзоси, Россия Бош муфтийсининг бош маслаҳатчиси, Санкт-Петербург губернаторлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, Россия шимоли-ғарбий округининг гиёҳвандликка қарши кураш комиссияси аъзоси, “Санкт-Петербургда ислом, ислом маданияти ва мусулмон анъаналарининг тикланиши” ҳудудий жамоат фондининг президенти Жафар Пончаев (1971-1975), 2000-2009 йилларда Олмаотадаги Ислом университетига ректор лавозимида ишлаган Абдулла Жолдасов (1971-1975), Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил Бердиев (1988-1992), Россиянинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Умар Идрисов (1983-1987), Имом Абу Ҳанифа номидаги Шимолий Кавказ ислом университети ректори Шарабуттин Чочаев (1983-1987) ва бошқалар.

Ҳозирда ҳам гарчи мутахассислик фанларига ажратилган дарс соатлари жуда кам бўлсада, институт талабалари ўқитувчилар раҳбарилигида қўшимча дарсдан олдин ва кейин тўгараклар ташкил этиб, буюк мутафаккир аждодларимизнинг илмий меросларидан Имом Термизий ва Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламлари, Абу Муъин Насафийнинг ақида илмига оид “Ақоид ан-Насафий”, Абу Барокот Насафийнинг Қуръон тафсири илмига оид “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил (Тафсир ан-Насафий)”, Низомиддин Шошийнинг фиқҳ илмига оид “Усул аш-Шоший” каби нодир манбаларининг асл матнларини ёдлаб, уларга қилинган шарҳларни ўрганишмоқда. Бундан ташқари, мутахассислик фанларига доир мўътабар китоблар дарслар давомида ўқитилиб келинмоқда.

Ана шундай соҳа мутахассисларини чиқараётган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти битирувчиларининг янги ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказларида “диний соҳадан чиққан кадр” каби асоссиз тўсиқларсиз фаолият юритиши, илмий изланишлар олиб бориши институт талабаларининг улкан орзусидир.

Буюк алломаларимиз, азиз-авлиёларимизнинг илмий, диний ва маънавий меросини сақлаш, таъмирлаш, мавжуд фондларни бойитиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш учун маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга қулай шароитлар яратиш, тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш мақсадида Президентимиз томонидан 2017 йил 24 май куни чиқарилган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўтган буюк аждодлари ва уларнинг бизларга бебаҳо илмий меросларига бўлган юксак эҳтиромлари нишонаси ўлароқ бизларни янада биниҳоя хурсанд қилди.

Ушбу қарорнинг иккинчи бандидаги олтинчи ва еттинчи хатбошидаги “Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети каби мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган олий таълим муассасалари билан биргаликда қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга бўлган ёш мутахассисларни режа асосида мақсадли тайёрлаш ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш;

Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети сингари олий таълим муассасаларининг ихтисослик кафедралари битирувчилари ҳисобидан Институтнинг кадрлар таркибини янгилаб бориш, қўлёзмалар билан ишлаш кўникмасига эга бўлган ёш кадрлар захирасини шакллантириш;” жумлаларида зикр қилинган олий таълим муассасаларининг битирувчилари тўлақонли диний маълумотларга эга бўлмайдилар. Улар мукаммал араб тилини, диний илмни билмаганлиги сабабли озгина қисмини тор доирада таржимаси орқали тадқиқ этилиши ҳаммани афсуслантиради. Шу кунга қадар улкан қўлёзмалар фондининг тўлақонли тадқиқ этилмаганлиги ҳам фикримиз исботидир.

Шу кунга қадар олий диний таълимни тугатган битирувчилар диний соҳадан чиққанлиги сабабидан мавжуд масжид ва мадрасалардан бошқа соҳа ва ташкилотларда фаолият кўрсатишига турли баҳоналар билан тўсқинликлар бўлар эди. Бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ, ислом динидаги муқаддас манбалар Қуръони каримни ва Имом Термизий ва Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламлари ҳамда соҳага доир мўътабар манбаларнинг ёдлаб, уларнинг шарҳларини дақиқ жойларигача ўрганаётган мутахассислар мазкур илмий-тадқиқот марказларида фаолият юритиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, аждодларимиз ёзиб қолдирган чуқур илмий меросларининг асл ва туб маъноларига етишни ислом дини ва унинг фанларини яхши эгаллаган кадрларгина уддалаш мумкинлиги тарихий тажрибалардан кузатиб келинмоқда.

Абдуллоҳ Иброҳимов

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 31762 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 17659 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 68697 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 58220 Жамият
Комилов Ҳиндистон вице-президенти билан музокарада. Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми оширилади
Журналист ЎФФ матбуот хизматини ёлғончиликда айблади
12:20 2823 Спорт
Тошкентдаги Mobicon 2017’да Google, Яндекс, Одноклассники ва UFOX вакиллари чиқиш қилади
Электр энергиясининг намунали истеъмолчилари рағбатлантирилади
Трамп АҚШ ҳукуматини ёпиш билан таҳдид қилди
10:50 9053 Жаҳон
Самарқанд вилоятида 6 миллион доллар қийматидаги трансформаторлар ишга туширилди
Кўпроқ янгиликлар