Россия президенти Владимир Путин режиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида америкалик республикачи сенатор Жон Маккейн унга ватанпарварлиги билан ёқишини тан олди, бироқ АҚШни ўтмиш меросидан воз кечишга ва Москва билан бирга террорчилик каби реал таҳдидларга қарши курашишга чақирди.

Интервью вақтида Стоун Путиндан Маккейн томондан таклиф қилинган, Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга нисбатан тақиқлов киритишни кўзда тутувчи ташаббусга изоҳ беришни сўради.

"Аслида у менга бир оз ёқади ҳам, ҳа-ҳа, ҳазиллашмаяпман, у менга ўзининг ватанпарварлиги ва ўз давлати манфаатларини ҳимоялашдаги изчиллиги билан ёқимли", деб жавоб берган Путин Маккейнни назарда тутиб. 

Шу билан бирга Путин Маккейн каби қарашларга эга одамлар "ҳали ҳам эски замонларда яшашларини ва келажакка боқишни, дунё қанчалик тез ўзгараётганини англашни истамасликлари, реал таҳдидларни кўрмасликлари ва уларни доимо ўтмишга тортувчи ўз ўтмишларидан қутула олмасликларини" айтди.

Путиннинг айтишича, ҳозир Россия ва АҚШда халқаро террорчилик, ночорлик, атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби инсониятга ҳақиқатан ҳам хавф солувчи умумий таҳдидлар бор. "Шунчалик кўп ядровий қурол жамлаганмизки, бу бутун дунё учун таҳдидга айланиши мумкин. Бизга бу ҳақда бир оз ўйлаб кўриш зарар қилмаган бўларди, бизда устида ишлашимиз керак бўлган ишлар бор", деб айтди Путин.

Маккейн ўзининг Россияга қарши танқидий фикрлари билан маълум. Жумладан, у май ойи охирида Россия дунёдаги хавфсизликка ИШИД террорчилик гуруҳидан кўпроқ хавф солишини айтганди.