Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари ҳудудий низоларни, хусусан Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришда фаол иш олиб бориши керак. Бу ҳақда Остонадаги ШҲТ саммити вақтида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви вақтида Россия президенти Владимир Путин гапирди.

Путин "ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг аҳамияти ортиб бораётгани"ни қайд этиб, бугун имзоланиши кутилаётган экстремизмга қарши Конвенция бу борадаги навбатдаги қадам бўлишини таъкидлаган.

"Ишонаманки, биз биргаликда Яқин Шарқдаги, жумладан Суриядаги ҳудудий низоларни бартараф этишнинг сиёсий-дипломатик ўзанида фаол бўламиз", деган Россия президенти.

Путин шунингдек, ШҲТ-Афғонистон контакт гуруҳи фаолиятини тиклашни таклиф этган.

"Шубҳа йўқки, минтақадаги ҳудудий барқарорликни таъминлаш калити Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдадир. Кўриниб турибдики, вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Россия, ШҲТдаги бошқа ҳамкорлар каби мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдоридир", деган Россия раҳбари.

"Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бу йўналишда ҳам фаол ҳамкорлик қилиши мумкин. 2009 йили тўхтаб қолган ШҲТ —  Афғонистон контакт гуруҳи фаолиятини тиклашни таклиф қиламан", — дея қўшимча қилган Путин.