Одатда, кўп жойларда Рамазон кириб келиши билан мусулмонларга қулайлик яратиш мақсадида нарх-наволар туширилади ёки камида оширилмай туради. Мана бу Рамазонга, умуман, мусулмонларга бўлган ҳурмат, Аллоҳнинг динига нисбатан муносабатнинг гўзаллигидандир. Аллоҳ мана шундай савдогарларга, тижорат қилувчиларга барака беради. Афсуски, баъзи савдогарлар Рамазондан “фойдаланиб”, бу ойда кўпроқ фойда қилиб қолиш мақсадида нарх-навони кескин суръатда ошириб юборадилар. Сабаби, бу ойда озиқ-овқатга бўлган талаб кўпаяр экан. Тўғри, мусулмонлар саҳарлик ва ифторликда дастурхонини чиройли қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб оладилар. Ёзнинг иссиқ кунларида мева-сабзавотларга бўлган талаб кучаяди. Аммо қутлуғ дамларда нархлар асоссиз оширилаверса, Рамазоннинг, мусулмонларнинг ҳурмати қаерда қолади? Инсон фақат ташқи жиҳатга қараб иш кўраверса, узоққа бормаслиги, ўсиб-унмаслиги аниқ. Рамазонда нархларни ошириб, чўнтакни қаппайтириш пайида бўлган тожир унинг касбидан барака олиб қўйилиши мумкинлигини билмайди ёки бу ҳақида ўйлаб кўрмайди. У ҳамма нарсага моддият кўзойнаги билан назар солади. Аслида-чи, аслида бу муборак ойда одамларга бироз ёрдам бўлсин, уларга хурсандчилик бўлсин, деган мақсадда нарх-наволар тижоратчининг ўзига ҳам зарар бўлмайдиган тарзда холисан лиллоҳ арзонлаштирилса, жуда бўлмаса, оширмай турилса, тижоратда шундай барака бўладики, буни бошқа вақтларда топиш қийин. Биз сонини эмас, сифатини яхшилаш пайида бўлайлик. Биз пулнинг кўплигини эмас, унинг баракасини сўрайлик.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, айнан Рамазон ойида нархларнинг ошиб кетишига одамларнинг, яъни истеъмолчиларнинг ўзи ҳам сабаб бўлмоқда. Нега десангиз, баъзилар одатий кунларда емайдиган овқатларни Рамазонда босиб истеъмол қилади. Яна бошқалар ифторлик маросими ўтказиш мақсадида исрофга йўл қўйиб, дастурхонни “тўкин-сочин” қилиш пайида бўлади. Бундан ҳеч биримиз кўз юма олмаймиз.

Демак, бу муаммонинг замирида нафақат савдогарлар балки, икки томоннинг ҳам “ҳиссаси” бор. Рамазонда нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун, аввало, тижоратчилар инсофли, диёнатли бўлиб, улуғ айём кунларида одамларга енгиллик яратиш, уларга қувонч бағишлаш мақсадида нархларни арзонлаштирсалар, ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Иккинчидан, истеъмолчилар озиқ-овқатларни исроф қилмай, меъёрида ишлатсалар, ифторликларда дабдабаларга чек қўйилса, ҳаммаси ўз ўрнига тушади.

Унутмайлик, инсон бу дунёга фақат еб-ичиш, кайф-сафо қилиш учун келмаган. Муборак Рамазон ғанимат. Шу сабаб бу ойда бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлсак, рўзаларни сабр-тоқат билан тутиб, таровеҳларда хулуси ният билан қоим бўлсак, Аллоҳнинг розилигини топамиз, иншааллоҳ!

Одилхон қори Юнусхон ўғли
Шайx
онтоҳур тумани бош имом-хатиби