Саудия Арабистони футбол федерацияси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Австралияга қарши кечган (2:3) учрашув аввалидаги ҳодиса учун узр сўраган. Садиялик футболчилар учрашув бошланишидан олдин Лондон теракти қурбонлари хотираси учун 1 дақиқалик сукут сақлаш маросимидан бош тортишганди.

«Саудия Арабистони футбол федерацияси Саудия Арабистони подшоҳлиги терма жамоаси футболчилари Аделаидада Австралияга қарши ўйин олдидан Лондондаги ҳужум қурбонлари хотираси учун сукут сақлаш маросимида иштирок этмагани учун чуқур афсус билдиради ва узр сўрайди. Футболчилар теракт қурбонлари хотирасини ҳақоратлашни ёки қурбонларнинг оила аъзоларини ва яқинларини ранжитишни исташмаган. Саудия Арабистони футбол федерацияси терроризмни ва экстремизмни қоралайди, қурбонларнинг оила аъзоларига, Буюк Британия ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлигини изҳор этади», — дейилган Саудия Арабистони футбол федерацияси расмий баёнотида.

Аввалига ОАВда саудиялик футболчилар инглиз тилидаги сўзларни тушунишмагани учун сукут сақлашмагани ҳақида ёзилди.

Кейинроқ Австралия футбол федерацияси ўйиндан олдин бир дақиқалик сукут сақлаш маросими ўтказилиши ҳақида Осиё футбол конфедерацияси ҳамда Саудия Арабистони футбол федерациясини огоҳлантиргани ҳақида маълум қилди. Аммо маълум бўлишича, Саудия Арабистони футбол федерацияси футболчиларга бундай маросим анъаналарга тўғри келмаслиги учун сукут сақламасликни тавсия қилган. Шундан кейин, ўйин аввалида стадионда сукут сақланаётганида саудиялик футболчилар майдонда ўз ўринларини эгаллашга киришишган.

3 июнь куни Лондонда содир этилган теракт қурбонлари сони 8 нафар бўлди, улардан икки нафари франциялик, бири испан ва яна икки нафари австралиялик эди.