Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонадаги ШҲТ саммити йиғилишида чиқиш қилди. У ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти ва ваколатларини кенгайтиришни таклиф қилган.

«Бугунги кунда халқаро террорчи гуруҳлар ва бузғунчи кучлар ўз фаолиятида ахборот технологияларини янада кенгроқ қўлламоқда ва бу орқали ёвуз ғояларини ёйиб, ёшларимиз онгини заҳарламоқда», — деган Ўзбекистон раҳбари.

У ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасига глобал ахборот майдонида юзага келадиган таҳдидлар мониторинги ва уларга қарши курашиш ваколатларини беришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетиши олдини олишнинг аниқ чораларини қўллаш аҳамияти ҳақида гапирган.

«Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш, уларда билим ва ўз устида ишлашга интилишни шакллантириш муҳим деб ҳисоблаймиз», — деган Ўзбекистон президенти.

«Исломнинг ҳақиқий қадриятлари, ҳамиша эзгуликка, яхшилик ва тинчликка чорловчи қадриятларини кенг тушунтириш ва тарғиб қилиш муҳимдир.

Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти катта. 

Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади», деган давлат раҳбари. 

Президент ушбу марказ иши конфессиялараро, миллатлараро ва маданий мулоқотга ёрдам бериши мумкинлиги, марказ ишида ШҲТ мамлакатлари диний давралари фаол иштирок этишига умид билдирилаётгани хусусида қўшимча қилган.