Остонада бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити доирасида ташкилотга аъзо мамлакатлар халқаро терроризмга қарши ҳамкорликда курашишга доир ҳужжатни имзолашади. Бу ҳақида йиғилиш давомида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев берган маълумотга асосланиб, Today.kz нашри хабар берди

"Бугун ШҲТ фаолияти геосиёсатнинг сўнгги талаблари, жаҳон иқтисодиётининг асосий трендларини инобатга олмоқда, барча қўшма қарорларни самарали амалга оширишда асосий мақсадларга босқичма-босқич эришиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Янги чақириқлар, барқарорлик ва хавфсизлик таҳдидларини енгиб ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур саммит доирасида халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш бўйича баёнот қабул қилиш, шунингдек экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияни имзолаш режалаштирилмоқда. Бу ШҲТнинг глобал жаҳолатга қарши курашда қўшган сезиларли ҳиссаси бўлади", - деди Назарбоев.

Шунингдек давлат раҳбари умуман олганда йиғилиш кун тартиби нафақат ташкилотлар, балки бутун халқаро ҳамжамият учун долзарб масалаларни кенг қамраб олганини таъкидлади. 

"Бу билан ШҲТнинг аъзоларининг тор доирадаги  йиғилишини очиқ дея эълон қилмоқчиман", - дея қўшимча қилди ҚР президенти. 

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон пойтахтида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Кун тартибига ШҲТга янги аъзолар - Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш масаласи қўйилган. Йиғилиш очилишида Назарбоев ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни илк бор ШҲТ саммитида иштирок этаётгани билан қутлади.