Яқинда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари маданий бойликларнинг ноқонуний олиб чиқилишига доир божхона қоидабузарликларини фош қилишди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

“Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозга отланган фуқаролар М.Тухлиева 2 дона ва унинг ҳамроҳи К.Бартин эса 3 дона гиламларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан ҳамда Маданият вазирлиги томонидан тегишли сертификатлар олмасдан туриб, олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг тегишли хулосасига кўра, қўлда тўқилган ушбу нодир гиламлар маданий бойликлар тоифасига киради ва уларнинг умумий қиймати тахминан 220 миллион сўмни ташкил қилар экан.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси тегишли қисмларига асосан жиноий ишлар қўзғатилди. Эндиликда ушбу гиламлар Ўзбекистон Давлат Санъат музейи фондидан жой олади.

Сурхондарё вилояти “Болдир” чегара божхона пости ходимлари эса республика орқали Россия Федерациясига кетаётган қўшни давлат фуқароси Г.Сафарнинг қинғир қилмишларини фош этишди. Ушбу шахс 12 дона қадимий тангаларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтишда мақсадида, кўйлаги орасига қадаб қўйган экан. Аммо, назорат-рентген аппарати орқали божхона кўригидан ўтказиш чоғида “қимматбаҳо” кўйлак фош этилди.

Сурхондарё вилояти бадиий экспертиза бўлимининг хулосасига кўра қоидабузар аёлдан далилий ашё сифатида олинган 12 дона қадимий тангалар ХVIII-XIX асрларга оид бўлиб, уларнинг умумий қиймати 22 млн. сўмга баҳоланди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 227 (21) моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган Г.Сафарнинг тангалари суд қарорига асосан, Сурхондарё вилояти археология музейи фондига топширилди.

Амалдаги тартибларга кўра эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилиши мумкин эмас.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари эллик йил ва ундан ҳам олдинроқ яратилган тарихий бойликларнинг яширинча олиб чиқилишига доир қонунбузарлик ҳолатини фош этишди.

“Ғишткўприк” чегара-божхона комплекси орқали республикадан чиқиб кетаётган фуқаро У.Абдикаримованинг қўл юклари назорат-рентген аппарати ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу аёл ҳам йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган тарихий буюмларни яширинча олиб чиқиб кетаётганлиги аниқланди.

Турли йилларда чоп этилган почта маркалари, откритка, расм, конверт ва фотосуратлар, пул ва тангалар, ёғоч ҳайкалча ва қўл соати. Хуллас, яширин равишда олиб чиқишга уринилган бу аёшларнинг сони 200 дан ошади.

Қўнғир айиқ — республика фаунасининг ноёб турларидан бири. Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ушбу жониворни овлаш эса қатъиян ман этилган.

“Ғишткўприк” чегара-божхона комплексидан аниқланган яна бир қонунбузарлик ҳолатида эса брокенерлар қўлида қурбон бўлган қўнғир айиқ терисининг яширинча олиб чиқилишига чек қўйилди.

Қўшни давлат фуқароси Г.Беков йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 8 млн .сўмлик 1 дона қўнғир айиқ терисини яширинча олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида аниқланган мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначилар томонидан аниқланган 38 та божхона қоидабузарликлари натижасида 7,5 минг донадан ортиқ ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.