Бугун, 9 июнь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Фан ва технологиялар агентлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги масъул ходимлари, бошқарма бошлиқлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон Давлат консерваторияси, К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Миллий рақс ва хореография Олий мактаби проректорлари, етакчи профессор-ўқитувчилари, иқтидорли ёшлар, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Бугунги кунда институтда 10дан ортиқ халқаро шартномалар имзоланган. Шунингдек, Бельгия давлатидаги UNICA ташкилоти билан ТЕMPUS-IV дастурининг 6-танлов доирасида “Ўзбекистон олий таълим муассасаларида докторлик таълимининг сифатини ошириш – “UZDOC” халқаро лойиҳасининг шартномасига мувофиқ 3 йиллик илмий-услубий изланишлар натижасида институтда “Докторлик таълими маркази” ташкил қилинган ва 16.916.00 евро миқдорига тенг техник жиҳозлар билан таъминланган. Бу соҳада илмий ишларни ривожлантириш борасидаги ишларнинг яққол намунасидир. Ҳозирда Эрасмус+ дастури доирасида 2та халқаро лойиҳа (“UZDOC-2” ва кредит-мобиль) устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда 1-босқич талабаси М.Азизова кинемотографияни ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда “У” номли қисқа метражли фильмини Россиялик актёр Дмиртий Дюжев билан суратга олиб, Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган 70-халқаро КАНН фестивалида иштирок этишга муяссар бўлгани эътироф этилди. 

Бундан ташқари, яқин кунларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари Кореялик ижодкорлар билан ҳамкорликда 10 ҳужжатли фильм суратга олиниши режалаштирилган. 

Матбуот анжумани якунида институтнинг масъул проректорлари ва профессор-ўқитувчилари ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.