Иброҳим Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Бағдод туманидаги педагогика коллеж директори лавозимида, З.Умарова эса мазкур коллежда унинг ўринбосари бўлиб ишлаб, нафақага чиққан, туман ҳокимлиги тадбиркор аёллар уюшмасида жамоатчилик асосида раис вазифасида ишлаб келаётган эди. Топаётганига қаноат қилмаган бу кимсаларни нафси бузуқлик бир жиноят йўлида бирлаштирди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Коллежда очилган иккинчи мутахассислик йўналишлари бўйича ўқишга ҳужжат қабул қилиш жараёни бошлангач, ҳамтовоқлар бу жараёндан фойдаланиш пайига тушиб қолишди. Олдиндан тузилган жиноий режага асосан Замира Умарова “мижоз” топиш учун ҳаракатни бошлади. Фуқаро Рухсора Зиёдуллаева иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга кириши учун қизи ва келинларининг ҳужжатларини топширганидан хабар топиб, уни аврашга киришди. Ўқишга кириш масаласини коллеж директори орқали, ўз навбатида директор “юқори”даги мансабдорлар орқали ҳал қилиб беришини айтиб, қизи ва келинларининг ҳар бири учун 100 АҚШ долларидан берса, барчаси “беш” бўлишига ишонтиради.

Унинг талабидан таажжубга тушган Р.Зиёдуллаева ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, тамагирларга нисбатан тегишли чора кўришни сўради. Унинг аризасига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда коллеж директори ва унинг собиқ ўринбосари 300 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бағдод туман суди томонидан судланувчиларга нисбатан тегишли жазо тайинланди.