Вашингтондаги хусусий мактаб директори Диана Смит ҳеч бўлмаса ҳар сешанба куни турли электроника воситалари – смартфонлар, планшетлар, телевизорлар, компьютерлардан воз кечган 7- ва 8-синф ўқувчиларига ўз чўнтагидан 100 доллардан маблағ тўлашга ваъда берди. Кейинги ўқув йилининг бошига қадар давом этадиган бундай ноодатий акция ҳақида The Washington Post газетаси хабар тарқатди.

Смитнинг айтишича, мактаб ўқувчилари кун давомида телевизор, смартфонлар ёки компьютер ўйинларига тикилиб ўтиришларидан хавфсирамоқда. Унинг сўзларига кўра, улар шу туфайли соғлигида турли муаммоларга ҳам дуч келиши мумкин.

Таъкидланишича, ушбу аёл директорлик қилувчи мактабда смартфонларни дарслар пайтида ишлатиш бутунлай тақиқланган.

Май охирида Смит ўз таклифи ҳақида ўқувчиларнинг ота-оналарига сўзлаб берди, улар бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Мактаб ўқувчилари ҳам бундай тарзда пул ишлаб олишга қарши эмас. Улар 100 доллардан олишлари учун 11 та сешанбани телефонлар, компьютерлар, планшетлар, видеоўйинлар ва ТВсиз ўтказиши керак.