Испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль Францияда ўтаётган, "Катта дубулға" сериясининг мавсумдаги 2-мусобақаси бўлган Roland Garros’нинг ярим финалида австриялик Доминик Тимни мағлуб этди.

Учрашув 6:3, 6:4, 6:0 ҳисобида испан фойдасига ҳал бўлди. Надаль ушбу нуфузли мусобақанинг финалига фаолиятида 10-маротаба чиқди. У аввалги барча 9 та финалда ҳам зафар қучган. Надаль учун бу финал "Катта дубулға" мусобақаларидаги 22-финал бўлади.

Ҳал қилувчи учрашувда 31 ёшли Надаль 32 ёшли швейцариялик Стэн Вавринка билан учрашади. "Тупроқли кортлар қироли" деб ном олган Надаль бу финалда фаолиятидаги ўнинчи Roland Garros’ни қўлга киритиши мумкин. Финал 11 июнь куни бўлиб ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг мукофот жамғармаси 36 млн евродан кўпроқни ташкил қилади. Аёллар ва эркаклар ўртасидаги ғолиблар 2,1 млн евродан мукофот пули оладилар. 

2016 йилги Roland Garros’ни сербиялик Новак Жокович ютганди.