Остонадаги Қозоғистон Миллий музейида "ЭКСПО-2017" халқаро кўргазмаси доирасида "Император Цинь Шихуандининг терракота армияси" кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Остона маъмурияти расмий сайтида маълум қилинди

"Ушбу кўргазма Марказий Осиёга биринчи марта келтирилди. Остонада ЭКСПО ўтмоқда ва биз айнан унинг доирасида ўз маданиятимизни тақдим қилишни истадик. Умид қиламанки, ушбу қадам Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданий муносабатларни мустаҳкамлашда ўзига хос кўприк бўлади", деб айтди Шэньси вилоятининг маданий ёдгорликлари бошқармаси директори Чжао Рунг.

Хитой жангчилари ва улар отларининг тўлиқ ўлчамдаги 8099 та терракота ҳайкали 1974 йилда Сиань шаҳрида император Цинь Шихуанди мақбарасида топилган. Ҳайкаллар ҳар бири индивидуал тарзда ясалган бўлиб, бирининг юзи бошқасиникига ўхшамайди. Олимлар бу ҳайкаллар милоддан аввалги 210-209 йилларда ҳукмронлик қилган  император буйруғи билан ясалганини аниқлашган. Бугунги кунда "Терракота армияси" ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. 

"Цинь сулоласи ҳукмронлик қилган давр Хитой империясининг энг ёрқин даврларидан бири ҳисобланади. Бу даврда  иқтисодиёт, маданият, бошқа давлатлар билан муносабатлар ривожланган. Шунинг учун биз қозоғистонликлар Хитой мероси ва маданияти ҳақида билишлари учун терракота жангчилари орқали ўз тарихимизни сўзламоқчимиз", деб қўшимча қилди Чжао Рунг.

Бугунги кунда "Терракота армияси" 40 га яқин давлатда намойиш қилинган. Қозоғистондаги кўргазма билан бир вақтда ушбу "армия" Германия ва АҚШда ҳам намойиш қилинмоқда. Остоналиклар ва меҳмонлар ушбу антиқа ҳайкалларни Қозоғистон Миллий музейида 10 сентябргача томоша қилишлари мумкин бўлади.