Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаевнинг маълум қилишича, 2050 йилга бориб мамлакат ЯИМида «яшил» энергетика улуши 3 фоизни ташкил қилади. У бу ҳақда Остонада бошланган «Экспо-2017» кўргазмаси доирасида «Энергетиканинг барқарор ривожланишини таъминлаш» конференцияси давомида айтиб ўтган.

Вазирнинг қайд этишича, бу мамлакатда янги иш ўринлари яратилишига олиб келади. Унинг сўзларига кўра, «яшил» энергетика Қозоғистонда 500 минг ишчи ўрни яратилишини таъминлайди.

Сагинтаев Қозоғистон 2016 йили иқлим масалалари бўйича Париж келишувини ратификация қилганини эслатиб ўтган.

«Бугунги кунда энергетиканинг 80 фоизлик қисми қазилма хом ашёлар асосида, кўплаб мамлакатлар қазилма ёқилғиларга боғланиб қолган, биз эса улар бундай ҳаёт даражасидан воз кечишини кутиб турмоқчи эмасмиз», — деган БМТ қошидаги Европа иқтисодий комиссияси ижрочи директори Ольга Алгаерова.

Унинг сўзларига кўра, энергетика соҳасида самарадорликни ошириш чораларини кўриш зарур.