Бабаян оркестри концертга тайёрми?

Спорт 11 Июнь 2017 31480

“Дирижёр” Самвел Бабаян фрак кийиб олганича, форсий оҳангларга қарши доира усулларини қўллаб кўриш истагида Эрон томон масъулият юки билан йўл олди. Тўғри тушуниш керак, ахир бугунги дастур муваффақиятли чиқса, кейинги йили Россияда бўладиган карнавал сари қадам қўйилади. 

Ансамбль бошқарувчиси фикрича, тарихда энг зўр созланган, мухлислар фикри бўйича эса машқи паст ансамбль уни имосига маҳтал. У машшоқларни йиғишда доим ўз принципида қоладиганлардан. Ишқибозларга Сергеев ва Андреев дуэти нолалари ёқмаслиги тайин, ахир концерт кульминациясида “авж” пардалар бўлмаса кимни ҳам лол қолдирасан? Сергеев Ҳитойга бориб ҳам, ўзимизда ҳам “беавж” қўшиқлар айтди, холос. Сурия билан бўлган “айтишувда” эса қовун туширдик. Халқаро майдон фонограммани тан олмаслиги шунда билинди. Бу хатолар сабаби, ё созандаларнинг куйларни яхши ишламаганлиги, ёки дирижёрнинг иккита ВИА гуруҳидангина созандаларни кўп танлаганидан бўлса керак. Тўғриси, мусиқа тили билан айтганда ансамбль энди тугатиш, яъни “кода”ни яхши ишламаса бўлмас... Ёмон томони – катта саҳна кўрган Денисов дастурда йўқ. 

Эронликлар мусиқасида худди бизнинг “Шашмақом” сингари “Дастгоҳо” туркуми бор. Услуби маълум – оғир ва вазмин, лекин рақибни ўз ноғорасига ўйнатадиган йўл. Улар жаҳон саҳналарида ўз услубини “едирганлардан”. Форс мусиқаси жаҳон карнавалида беш маротаба янграган. Биз эса бор-йўғи бир марта (1994 йил) Осиё карнавалида гран-при олганмиз. Ўшанда Азамат Абдураимов, Миржалол Қосимов сингари давра кўрган машшоқларимиз бор эди-да! 
Фикримизча, ҳаммаси дастурдаги асарларнинг қайта-қайта ишланишида. Эронликлар тайёргарлик жараёнида Европа вакиллари бўлган Черногорияни ҳам ўз рақсига ўйнатдилар. Қўҳна қитъа консерваторияларида таълим олган артистлар билан беллашиш тажриба оширади. Биз эса камтаргина, “пентотоника” куйлари билан ҳали ном қозонмаган Таиланд билан баҳслашдик. 

Собиқ дирижёрлар Абрамов ва Қосимов асар танлашда испанча оҳангларга кўпроқ эътибор берарди. Бу шўҳ ритмлар ўзини оқламади. Чунки испан куйларини чалиш учун ҳали бизнинг йигитларда етарлича савия йўқ эди. Бизникиларга ўзимизни мусиқа “мэтр”лари Мухтор Ашрафий ёки Манас Левиев асарлари, халқона оҳанглардан тузилган “попури”лар мос келади. Аслида, жаҳон саҳнасида ҳаммани ўзгача оҳанги бўлгани маъқул.

“Озодий” саҳнасида оркестримиз таркиби қуйидагича бўлса керак – урма асбоб, контрабасларда Лобанов, Исмоилов, Кримец, Шораҳмедов, Андреев каби мусиқачилар. Скрипкачилар гуруҳи эса энг тажрибали – Сервер, Одил, Азиз, Машарипов ва Сардорлардан ташкил топади. Пуфлама асбобда “соло” чалиш Сергеевга юклатилса керак. Асосий скрипкада аниқ Одил Аҳмедов бўлади. Менимча “соло”лар кўнгилдагидек чиқмаса, Гейнрих чалиб кўради. Шомуродов ва Абдуҳолиқовларга асосий партияларни бериш пайти келган бўлса-да, улар тор созлаш билан банд бўлса керак.

Яна мухлислар дастур давомида доира усуллари билан Машариповни ва Қўқонда катта ашулани “қийиб” юбораётган Ҳолмуҳамедовни кўрсалар ажаб эмас. Бизга қолса, Ҳитойда куй чалиш ўрнига асбоб кўтариб юрган Кримец ва ўзимизни лапарчи Сергеевлар асосий партитураларни чалмагани маъқул. 
Урма асбоб эгалари бугун зарбани қаттиқ бермаса форсларнинг Сардор Азмуни “қочирим” қилиб кетиши мумкин. 

Эрон дирижёри Кейруш хотиржам. Сабаби, Россия-2018 карнавали чиптаси деярли унинг чўнтагида. Ҳужжатларга виза урдириш қолди, холос. 

Биз мухлислар эса концерт якунида Бабаян оркестридан “бис”, “браво” деган олқишлар билан саҳнага қайта чиқиб, “Дилхирож”ни чалишини кутиб қоламиз. Ишқилиб, “ҳайдалиш” куйи бегона бўлсин. Кўнгил шўҳ мусиқа истайди. Э-э, чалинг доимгидек - “Андижон полькасига”…

Элмурод ЭРМАТОВ

Кўпроқ янгиликлар