Франция президенти Эммануэль Макрон томонидан тузилган "Олға, республика" ҳаракати Франция парламентининг қуйи палатаси – Миллий кенгашга сайловларда етакчилик қилмоқда. Бундан Франция ички ишлар вазирлигининг сайлов натижалари бўйича тақдим қилган илк маълумотлари дарак бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, Макрон ҳаракати номзодлари 26,6 фоиз овоз тўплаганлар. Франциянинг энг йирик мухолиф партияси "Республикачилар" 16,4 фоиз, Марин Ле Пеннинг "Миллий фронт" партияси 14,4 фоиз, Жан-Люк Меланшоннинг "Забт этилмаган Франция" партияси 10,2 фоиз ва "Социалистик партия" 7,3 фоиз овоз тўплаган.

Номзодга 1-турда ғолиб бўлиш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз керак бўлади. Ушбу шарт бажарилмаган ҳудудларда бир хафтадан кейин, яъни 18 июнда сайловларнинг 2-тури бўлиб ўтади. Унда энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб бўлади.