Ҳиндистонда рўй берган иккита йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 19 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Hindustan Times нашри хабар тарқатган.

Биринчи ЙТҲ 10 июнь куни Уттар-Прадеш штатида рўй берган. Ражостан штатидаги Барели округида зиёратчилар минган машина Матҳур шаҳри яқинида каналга тушиб кетган. Автомобилда бир оиланинг 9 аъзоси ҳамда ҳайдовчи бўлган, уларнинг барчаси, жумладан икки ёш бола ҳалок бўлган.

Иккинчи ҳодиса ҳам шу куни Махараштра штатида рўй берган. Мумбайдан Латур шаҳрига йўл олган автобус Бид округи ҳудудида, Дҳанор шаҳарчаси яқинида ағдарилиб кетган. Бу ҳодиса оқибатида 9 киши ҳалок бўлиб, 12 киши жабрланган. Дастлабки маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқа машиналарни қувиб ўтиш чоғида бошқарувни йўқотган.

Ҳиндистонда йўллар ҳолати ёмонлиги ва ҳайдовчиларнинг айби туфайли жуда кўп йўл-транспорт ҳодисалари рўй беради. Расмий статистикага кўра, ҳар куни мамлакат йўлларидаги ҳалокатлар оқибатида ўртача 400 киши вафот этади. Йиллик кўрсаткич эса 150 минг кишини ташкил қилади.