Ўзбекистонлик боксчилар Остона шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилаётган бокс бўйича Қозоғистон Республикаси президенти кубоги мусобақасидан олтин медалсиз қайтадиган бўлишди.

Sports.uz хабарига кўра, ушбу турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган боксчилардан фақатгина Бобо-Усмон Ботуров финалга чиқди ва олтин медаль учун жанг қилди.

69 килограмм вазн тоифасидаги жангларда иштирок этган Бобо-Усмон Ботуров финалда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Садриддин Аҳмедовга қарши рингга кўтарилди ва мағлубиятга учраб, кумуш медаль билан кифояланди.

Маълумот ўрнида, ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини Нодиржон Мирзахмедов, Аброржон Қодиров, Абдулҳай Шорахматов, Сулаймон Латипов, Улуғбек Комилов, Бобо-Усмон Ботуров, Маҳмуд Ғоипов, Козим Мардонов, Мирзобек Ҳасанов ва Равшан Исмоилов ҳимоя қилганди.

Қизлар мусобақасида эса Турсуной Раҳимова, Ёдгорой Мирзаева ҳамда Нафиса Асқарова рингга чиқди.

Шу тариқа, турнирда тўлиқ таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон вакиллари якунда олтин медалсиз ортга қайтадиган бўлишди.