Ибраҳимович ўз карьерасини «Манчестер Юнайтед»да давом эттирмайди. «Зенит» эса бу хабарнинг эртасигаёқ швециялик ҳужумчининг «Твиттер»даги аккаунтига обуна бўлди. Бу нарсалар ўртасида бирор боғлиқлик борми?

Нега у «МЮ»дан воз кечди?

Ибраҳимович бизни ўлгунига қадар ҳайратда қолдиришда давом этса керак. Унинг учун 35 ёшидаям топ-клубнинг асосий таркиби ўйинчиси бўлиш, нотаниш чемпионатдаги илк мавсумида 17 та гол уриш, боз устига, улардан икки-учтаси дурдона бўлиши — чикора экан. 2016/17 мавсумда у барча турнирларда жами 28 та гол уриб, 10 марта голли узатмани амалга оширган.

Бироқ, швециялик «яриммаъбуд»нинг қўлидан келмайдиган нарсалар ҳам бор экан. У жамоасини Европа Лигаси финали томон дадиллик билан бошлаб, «Андерлехт»га қарши апрелдаги ўйинда мавсумни муддатидан аввал тугатиб қўйди. У сакради, ҳавода рақиб билан тўп учун кураш олиб борди, ерлади ва тиззасидан жароҳат олди... «Олд Траффорд» карсаклари остида Златанни майдондан замбилда кўтариб олиб чиқиб кетишди. Бу унинг «қизил иблислар» либосидаги сўнгги дақиқалари бўлиб қолди.

Кўплар унинг карьераси якун топиши ҳақида гапира бошлади — бундай жароҳатдан сўнг унча-мунча футболчи аввалги даражасига чиқа олмайди. Айниқса, ёши ўтганлар. Бироқ Ибрада бунга қарши далил тиқилиб ётипти. «Арслонлар жароҳатдан инсонлар каби тикланмайди», деб ёзиб қўйди у тикланиш жараёни туширилган видео остига, бунгача эса қўлга киритилган Европа лигаси кубоги ичига жароҳатланган оёғини тиқиб олганди.

Нима бўлганда ҳам, «Манчестер Юнайтед»нинг келгуси мавсум учун танлаб олинган футболчилари рўйхати ичида унинг номи йўқ. Уни тушириб қолдиришибди. Балким, Ибра келгуси мавсум режалари ичидан «МЮ»ни ўзи олиб ташлагандир. Гарчи миш-мишлар уни Хитойдан тортиб — Америкагача, Ер куррасининг турли нуқталарига жўнатаётган бўлса-да, унинг агенти Мино Райола Златан Европада қолишини таъкидлаб ўтди.

Златан бутсаларини михга илишга асло шошилмаяпти.

Нега у «Зенит»га қўшилиши мумкин?

Биринчидан, «Зенит» ва унинг орқасида турган тузилмаларнинг унга ҳақ тўлашга қурби етади. Петербургда бир пайтлар бир кунда 100 миллион еврони қандай совуриш борасида мастер-класс ўтказишган. Ҳужумчи эркин агент мақомида шу ерга келиши ҳам мумкин. Унга маошдан қизғанишмайди, жафокаш «Крестовский» стадиони эса тирик афсонанинг ўйинларида баҳраманд бўламан деганлар билан лиқ тўлади, табиийки, Златанга ширин ва бахтли ҳаётни ҳам кафолатлашади.

Бироқ доим амбициялари барқ уриб турадиган Ибрага булар керакмикан? Унга Хитой ёки MLS да ҳам кам пул тўлашмайди. «Зенит» эса бу мавсум Чемпионлар лигасидан ҳам қуруқ қолиб турибди.

Златан «Зенит»га керакми? Маркетинг нуқтаи назаридан — шак-шубҳасиз. Ажиотаж, лиганинг хорижда машҳур бўлиши, реклама ва либослар савдосидан шартномалар ҳақида ёзиб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Россияда бундай ҳодиса Махачқалъада юз бериб бўлган. Фақат, Ибрадан майдонда нечоғлик фойда бор? Манчини иккита устун-ҳужумчини назарда тутмайдиган ўйин стилига Ибрани мослаштиришга мажбур бўлади. Агар у ва Дзюба ўртасида рақобат яратиш режалаштирилса, шведга майдонга доимий тушиш учун РФПЛдаги чеклов халақит бериши мумкин. Ибра оғир жароҳатдан фориғ бўлиб, Россия майдонларида ўзини кўрасата олиши ёки йўқлиги ҳам ҳозирча номаълум. АПЛдаги чимлар юмшоқ, Россияда эса жароҳатни қайта янгилаб олиш ҳам ҳеч гап эмас. Манчинининг ёши ўтган футболчиларни жалб қилиш сиёсати ҳам итальян мутахассисининг Петербургда узоқ ушланиб қолмаслигига ишора қилмоқда.

Бошқа тарафдан, 35 ёшлида ҳам Ибра Россиядаги энг яхши футболчи бўла олиши мумкин. Ундай футболчилар майдонда борини тўкиб солади, бу шубҳасиз. «Зенит» биринчи рақам остида тўп суришга кўниккан жамоа, Манчини қанотлар бўйлаб ўйин уюштиришни севади, шу сабабли ҳаводан узатилувчи тўплар билан Ибрани тўйдириб ташлашлари аниқ. Имиж нуқтаи назаридан ҳам бу трансфер клуб тарихидаги энг яхшиси бўлиши мумкин. Европалик футболчиларни Ибраҳимович билан битта жамоада ўйнаб, орзусига етиштириш учун ҳам Питерга келишга кўндириш осонлашди.

Петербургга ўтиш учун тўғридан-тўғри шамаларни кўриш мумкин. Ибра ва унинг агенти мум тишлаб олгандек жим бўлса-да, «Зенит»нинг хўжайинлари шов-шувли трансферлар ваъда қилишмоқда, «Зенит» Твиттери ҳам Ибранинг саҳифасига обуна бўлди. «Зенит» билан шартнома имзолаган сўнгги уч киши эса Манчини, Нобоа ва Терентьев бўлиб турибди.