Автомашинага “707” давлат рақамини олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Жамият 12 Июнь 2017 15486

Таассуфки, айнан шу кеча кундузда фуқароларимиз орасида бировни алдаш, ишонтириш орқали унинг мол-мулкини қўлга киритаётган, “ишга жойлаштираман, ўқишга киритаман, машина ёки уй сотиб олишингизда кўмаклашаман, чет элга ишга юбораман каби ваъдалар бериб, ишонувчан ва содда одамларимизнинг қулоғига бир зумда “лағмон илиб”, уларнинг жабрланиб қолишларига сабабчи бўлаётган фирибгар кимсалар сафи кенгаймоқда.

Бухоро ИИБнинг хабар беришича, Ғиждувон туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган, автомашиналарни тузатиш билан шуғулланувчи Н.Имомқулов эгаллаган ҳунари ортидан топаётган даромадига қаноат қилмай, нафс гирдобига тушиб қолиб фирибгарлик жиноятига қўл уради. Г.Наримонова “Спарк” русумли автомашина сотиб олганлигидан сўнг унинг ёғ-мойларини алмаштириш учун “қўли гул” устанинг олдига олиб боради. Ҳали давлат рақамига эга бўлмаган янги автомашинага чиройлироқ давлат рақами олиш керак, албатта! Устахонада шу ҳақда гап бошланиши биланоқ Н.Имомқулов Г.Наримонованинг ишончига кириш йўлларини қидира бошлайди. Унинг вилоят ИИБ ЙҲХБда таниш “акахон”лари борлигини, улар орқали қисқа муддатда хохлаган давлат рақамини олиб бериши мумкинлигини айтиб ишонтиради. Улар бир зумда “ака-сингил киришиб” Г.Наримонованинг автомашинасига  “707” давлат рақамини олишга ҳам келишиб улгурадилар. Бунинг учун олдиндан “акахон”ларга давлат рақамини олишнинг “шапка”сини ҳам келишиб олган фирибгар уста 400 АҚШ доллари ва Г.Наримонованинг пластик карточкасидаги 1.746.450 сўм пулларни қўлга киритади. 

Аммо, Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, Н.Имомқуловнинг фирибгарлик жиноят фош этилиб, унинг Г.Наримоновани алдаб қўлга киритган “ўлжаси” тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Ушбу ҳолат юзасидан Н.Имомқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Кўпроқ янгиликлар