Бухоро шахрида яшовчи Ш.Элмуродов Бухоро шаҳар ИИБга ариза орқали мурожаат қилиб, номаълум шахс Мирдўстим кўчасидаги “Қўшмадраса” масжиди олдида  турган “Нексия” русумли автомашинасининг олд йўловчи эшигини ғайриқонуний равишда очиб, ҳайдовчи ўриндиғи остидан 450.000 сўм пулларини ўғрилаб кетганлигини билдирган, деб хабар берди Кун.uz’га Бухоро ИИБ.

Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятни, Бухоро шаҳар, Шейхон кўчаси 66-уйда яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан 4 маротаба судланган Назаров Сулаймон Султонович содир қилганлиги аниқланган. 

Шунингдек, С.Назаров томонидан Бухоро шаҳри ҳудудида қаровсиз қолдириб кетилган жуда кўплаб автомашиналардан турли ўғриликлар содир этилганлиги, жумладан, Бухоро шаҳар, Пиридастгир кўчаси 8/2-уйнинг орқа томонида турган “Ласетти” русумли автомашинадан 463.000 сўм пулларни,  Шейхон кўчаси 5/6-уйнинг олдида турган “Нексия” русумли автомашинадан 100.000 сўм нақд пул, 150 АҚШ доллари, 40 Россия рубли ва автомашинанинг орқа юкхонасида бўлган 900.000 сўм нақд пулларини ўғирлаб кетганлиги аниқланган. 

Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унга шароит ва имкон яратиб берган омиллар, шунингдек, С.Назаровнинг ҳатти-ҳаракатлари Бухоро шаҳар Пиридастгир масжиди олдида аҳоли ва маҳалла фаоллари ўртасида муҳокама қилиниб, келгусида бу каби жиноятларга, айрим фуқароларимиз онгида шаклланган лоқайдлик, бепарволик каби иллатларга барҳам бериш борасида тушунтиришлар олиб борилди.