БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш якшанба, 11 июнь куни Бишкекка келди. У Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди, шунингдек, Ўш шаҳрига ташриф буюрди ҳамда у ерда 2010 йилнинг июнь ойи воқеаларига бағишланган махсус тадбирларда иштирок этди. Бу шаҳарда роппа-роса етти йил муқаддам миллатлараро зўравонлик ҳолатлари рўй берганди, дея хабар бермоқда БМТ сайти.

Бош котиб Бишкекдаги матбуот анжуманида чиқиш қилиб, Қирғизистон билан ўзининг БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олий комиссари сифатидаги ҳамкорлигини эслаб ўтди. 

Ўш шаҳридаги чиқиши давомида эса, Гутерриш 2010 йилнинг фожиали ҳодисаларидан сўнг маҳаллий аҳоли вазминлигига юқори баҳо берди. У етти йил аввал рўй берган миллатлараро зўравонлик ҳолатлари давомида жабрланган кишиларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди. 

Гутерришнинг эслатишича, этник ва маданий хилма-хиллик сайёрга таҳдид туғдирмайди, аксинча, бизнинг дунёни янада бойроқ қилади.