Коллеж ва лицей ўқувчилари учун бепул ўқиш имкониятини берадиган танлов эълон қилинди

Жамият 12 Июнь 2017 9485

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси республикадаги барча ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи ўқувчилари учун танлов эълон қилди. Танловга бугундан старт берилди ва интернет тармоғидаги www.tanlov.yk.uz сайти орқали бўлиб ўтади.

Танловда ғолиб чиққан иштирокчилар қуйидаги совринлар билан тақдирланади:

1-ўрин: Республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида учта фандан кўпи билан бир йиллик бепул ўқиш учун сертификат;
2-ўрин: Республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида иккита фандан кўпи билан бир йиллик бепул ўқиш учун сертификат;
3-ўрин: Республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида битта фандан кўпи билан бир йиллик бепул ўқиш учун сертификат.

Ўқув маркази ғолиб томонидан танланади. Бунда ғолиб бўлган ўқувчи таҳсил олмоқчи бўлган олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларидаги тест синовлари ўтадиган фанлар бўйича қўшимча тайёрлов амалга оширилади.

Ғолибларга ўз хоҳишига биноан бепул ўқиш учун берилган сертификат ўрнига мукофот сифатида Lenovo Core i5 ноутбуги (1-ўрин), Samsung Galaxy Tabe планшети (2-ўрин), Xiaomi RedMi Pro смартфони (3-ўрин) берилиши мумкин.

Шунингдек, ғолиблар ўз ихтиёри бўйича бепул ўқиш ҳуқуқини бошқа шахсга ҳам ўтказиши мумкин.

Танлов ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг моҳиятини тарғиб қилиш, шу орқали фаол фуқаролик позициясига эга бўлган авлодни тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида ўтказилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар