Макрон партияси ва иттифоқчилари парламент сайловларида 32,32 фоиз овоз тўплади

Жаҳон 12 Июнь 2017 1839
Фото: AP

Франция президенти Эммануэль Макроннинг "Маршда" ҳаракати марказчи иттифоқчилари билан бирга умумий ҳисобда 32,32 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди. 11 июнь куни мамлакат парламенти қуйи палатаси – Миллий мажлисга биринчи тур сайловлар бўлиб ўтди. Республика ИИВ 100 фоиз овоз бюллетенларини санаб, сайлов натижасини эълон қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, президент партияси умумий ҳисобда 28,21 фоиз, ёки сайловчиларнинг 6,39 млн овозини тўплашга муваффақ бўлган. Сайловлар аввалида ушбу ҳаракат билан ҳамкорлик қилган адлия вазири Франсуа Байрунинг "Демократик ҳаракат"и, ўз навбатида, 4,11 фоиз, ёки 932 минг овоз тўплашга эришган. Улар биргаликда сайлов натижаларига кўра, қуйи палатада мутлақ устунликни қўлга киритиш учун барча имкониятга эга. Тахминларга кўра, уларнинг сайловолди блоки 577 депутатлик ўриндиғидан 400тасини қўлга киритмоқда. 

Ўнг марказчи "Республикачилар" партияси ва у билан альянс ташкил этилган "Демократлар ва мустақиллик иттифоқи", бошқа иттифоқдош партиялар иккинчи натижани кўрсатди. ИИВга кўра, бу альянс 21,56 фоиз ёки 4,87 млн овоз тўплаган. 

Иккинчи тур президентлик сайловида йирик натижа кўрсатган Марин Ле Пеннинг "Миллий фронт" партияси 13,2 фоиз сайловчиларнинг ишончига сазовор бўлди. У билан альянсга бирлашган "Тур, Франция" 1,17 фоиз натижа кўрсатган. Улар жами 3,25 млн овоз тўплаган. 

Жан-Люк Меланшоннинг "Бўйсунмас Франция" сўл радикаллари 11,02 фоизга эга бўлган ёки 2,49 млн овозгаэга бўлган. Улар билан ҳамкорлик қилган Франция коммунистик партияси 2,72 фоиз ёки 615 минг овоз тўплаган.

Франция Миллий мажлисига сайловлар мажоритар тизимида 2 турда бўлиб ўтади. Депутатлик курсиси учун турли партия ва блокларни намоён этувчи 7877 номзод ўзаро кураш олиб боришди. 

Биринчи тур натижасига кўра, 577 депутатнинг 3 нафари аниқ бўлган холос. Қолган депутатлар 18 июнь кунги иккинчи тур сайловларида маълум бўлади.

Кўпроқ янгиликлар