Ҳокимият фарғоналик 81 яшар отахонга кўмак беришга ваъда берди...

Жамият 12 Июнь 2017 8476

Бир неча кун аввал Кун.uz таҳририятига Фарғона вилояти, Чимён ҚФЙ, Арча кўчасида истиқомат қилувчи 81 ёшли Камолиддин ота Аҳмедовнинг набираси мактуб йўллади. Унда бобоси узоқ йиллар давомида қишлоқдаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қилгани, ёшларнинг сабоқ олишида ўз ҳиссасини қўшгани, ҳозирда нафақада экани-ю, икки кўзи кўрмаслиги ҳамда бобосининг биринчи гуруҳ ногирони экани ҳақида ёзган. Бундан ташқари, мактубда ота йилда бир маротаба даволаниб туриши ва бунинг учун махсус сиҳатгоҳга жўнатилиши зарурлиги, айнан шу масала юзасидан фарзандлар томонидан Фарғона туман ҳокимлигига қилинган мурожаат беш ой давомида жавобсиз қолаётгани айтилган. 

Мазкур муаммо юзасидан сайт мухбири Аҳрор Зиё Камолиддин отанинг фарзанди билан суҳбатлашди. Чиндан ҳам уларнинг мурожаатига кўп бўлган. Ҳокимлик вакиллари 2015 йилда Камолиддин ота учун сиҳатгоҳга йўлланма бериб даволанишига кўмак берган. Бироқ ота шифокорлар ташҳисига кўра ҳар олти ойда даволаниб туриши керак. Навбатдаги мурожаатга эса эътиборсизлик қилинган. Отанинг фарзандлари бир неча бор туман ҳокимлигига мурожаат қилишларига қарамай, масала кўриб чиқилмаган. Шу сабабли Камолиддин ота Аҳмедовнинг набираси Кун.uz’га мурожаат қилган.

Мухбиримиз туман ҳокимлик вакиллари билан суҳбатлашганидан сўнггина мутасаддилар отанинг хонадонига бориб, ҳолидан хабар олишган ва 3-4 кундан сўнг мазкур муаммони ҳал этишга ваъда беришган. Журналистларнинг ташаббуси билан ота тез кунда сиҳатгоҳга юборилади ва даволанади. Муаммо қанчалик ечим топади? Бу ҳақида кейинги ўрганишларимиздан сўнг маълумот берамиз.

Кўпроқ янгиликлар